2024 йил 1 январга қадар GхP давлат стандарти жорий этилмаган тармоқ тадбиркорлик субъектларига фармацевтика фаолияти учун берилган лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб қўйилади ёки бекор қилинади.
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Тўлаганова маълум қилди.
Президентнинг тегишли Фармонига мувофиқ 2022 йил 1 апрелдан фармацевтика соҳасида янги ишлаб чиқарувчи корхоналар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари мос равишда "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти (GMP)", "Зарур дистрибьюторлик амалиёти (GDP)" ва "Зарур фармацевтика (дорихона) амалиёти (GPP)" талабларига мувофиқ равишда ташкил этилиши белгиланган.
"Зарур ишлаб чиқариш амалиёти - GMP" талабларига мувофиқлиги бўйича ўрганишлар ўтказиш талаб этилмайдиган дори воситалари рўйхатида белгиланган дори воситаларидан ташқари барча янги дори воситалари клиник тадқиқотларнинг ижобий натижаси асосида ҳамда жойига чиққан ҳолда ишлаб чиқариш шароитларининг "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти — GMP" талабларига мувофиқлиги ўрганилганидан сўнг Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилади.
2024 йил 1 январга қадар GхP давлат стандарти жорий этилмаган тақдирда, мазкур ҳолат лицензия талаб ва шартлари бузилиши ҳисобланиб, фармацевтика фаолияти учун берилган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги фармацевтика тармоғи ва республика соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларида GxP талабларини жорий этиш ва модернизация ишларини олиб бориш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда ўрнатилган муддатлар ичида амалга оширишга чақириб қолади ва бу масалада амалий ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилади.