Бугун 19 май, 2025 йил, душанба

O'ZB

Гуноҳи кўп чол

A A A
Гуноҳи кўп чол

Чолнинг узундан узоқ ҳазрати бутун оромимни ўғирлаб қўйди. Суҳбатдан эмас, бир инсон тақдирига жамланган ва шу ёшида ҳам поёнини топмаган оғир қисмат қилиқларига наинки сўзлагувчи, балки, эшитгувчининг-да дош бериши қийин эди. Бировнинг хасталигига шерик бўлишнинг иложи топилсайди. Дунёи-дуннинг қаҳри ҳам, заҳри ҳам шуки, ҳар ким бошига тушганини кўришга мажбур. Ҳали ҳеч ким пешонасидаги ёзуғнинг лоақал бир нуқтасини ўчиролмаган. Етмиш беш ёшида ёлғизлик азобини тортиш душманингга ҳам раво кўрмайдиган жабр. Яна қўллар қалтираб турса. Бу ҳам етмагандек, кўз нури сўниб бораётган бўлса. Шу ҳолатда овқат тайёрлаш, кийимларни ювиш, яшаб турган хонани тартибга келтириш, ахлат тўкиш... 

Оқсоқолни безорилар ўз остонаси ёнида дўппослашганини эшитганимда, гўёки кўз ўнгим қоронғилашиб, бутун вужудимни совуқ тер босди. Қандай тошюрак аблаҳ ҳимоясиз, табаррук инсонга мушт ўқталса... 

Суҳбатдошимга ёрдам бериш режаларини хаёлимдан ўтказиб, чуқур ўйга ботган пайтимда, у ўрнидан оғир қўзғалди. Йўлаккача кузатиб чиқдим. Билагидан ушлаб, тик зиналардан тушаётганимизда вилоят транспорт ташкилотларида раҳбарлик лавозимида ишлаётган танишимга дуч келдим. 
— Сиз кираверинг, мен ҳозир! 

Оқсоқолни кузатиб, қабулхонада кутиб турган меҳмон билан қайта сўрашдим.  
—  Аҳмад ака, нима деб келибди, — деди у дабдурустдан.  

Ёруғ дунёда биров билмаса керак, деб ўйлаган мўйсафидни биринчи учраган зот таниши ҳайратимни оширди. 

Ҳануз бояги суҳбат таъсирида эдим. Ўша эҳтирос билан отахоннинг кечмиши ҳақида гапириб бердим. Бироқ суҳбатдошимнинг қиёфасида ҳамдардлик, ачиниш аломатларини кўрмадим. Боз устига у:  
— Аҳмад ака кимларнинг бошига етгани ҳақида оғиз очмагандир. — Албатта, айтмайди, — деди. 
— Сиз оқсоқолни танийсизми? 
—Ҳа, бир пайтлар автобус ҳайдаган. Пичоғи мой устида яшаганида қанча-қанча одамларга туҳмат қилиб, қаматиб юборган. Автосаф бошлиғимиз бу одамнинг дастидан тузалмас касалликка учраб, ҳаётдан кўз юмган. Эҳ-ҳе, не-не софдил кишиларнинг бошида тегирмон тошини юргизган бу одамни ҳали ҳам ер кўтариб юрганига ақлим бовар қилмайди.  

У кетди. Бир нафасда икки хил кечинма исканжасида қолдим. 
— Бояги нуроний арз билан келибдими? — Кутилмаганда идора қоровули ҳам саволга тутди. Сўнг шошиб изоҳ берди: — Бу одам ҳақида хунук гап тарқалган эди. Яъни асраб олган қизини... 
— Бас қилинг! — Кўнглимга чўккан хиралик ғашликка айланиб улгурган эди.  
Во ажабо... Дилимдаги нидо бўғзимга тиқилди. Тилимда айланаётган саволлар қулоғимни қоматга келтирди: 

Эй, одам! Нега ибрат уйида яшаб, ўзингдан аввалгилар ҳаётидан сабоқ чиқармайсан. Раббимнинг интиқоми тайинлигини била туриб, шайтонга бош эгасан, нафс кўйида талвасага тушасан, кибрга берилиб, ботқоққа ботасан, зулматдан, жаҳолатдан баҳра оласан. Осмону заминни кўришга қодир нигоҳинг нега фақат оёғинг остини кўради? Ўзининг измисиз бир хас жойидан жилмаслигига етган ақлинг “Қилмиш-қидирмиш” деган икки оғиз лутф маъносига етолмайди? 

Кўчага чиқдим. Оёғини зўрға судраб, кетиб бораётган чол  худди гуноҳнинг касри каби туюлди. Ажабо, бир қарашда беозор туюлган банданг елкасида шундай залворли юк бўлса, ўзини Фиръавн санаб юрган баъзи кимсалар бошида қандай синовлар бор экан? 
Бу савол кимга аталган: чолгами, ўзимгами ёки барчага. Билолмадим.

А.Абдуллаев,

Azon.uz

Киритилди: 15:29 13.12.2019. Ўқилди: 2715 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!