Бугун 9 июнь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Грузия тинчланмаяпти

A A A
Грузия тинчланмаяпти

Грузияда ҳукуматнинг Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни тўхтатиш ҳақидаги қарорига қарши норозилик намойишлари 21 кундан бери давом этмоқда. Намойишлар 28 ноябрь куни бош вазир Ираклий Кобахидзе 2028 йил охиригача бундай музокаралар муҳокама қилинмаслигини маълум қилганидан кейин бошланди.

18 декабрь куни фаоллар Тбилисидаги парламент биноси олдига йиғилди. Улар Руставели хиёбонини тўсиб, Грузия ва Европа Иттифоқи байроқларини кўтариб, парламент сайловларини такрорий ўтказишни талаб қилишди. Намойишчилар расмийларни Европа интеграциясини саботаж қилишда ва мамлакатнинг халқаро обрўсига путур этказишда айблади.

Намойишчиларнинг талаблари орасида намойишларнинг илк кунларида ҳибсга олинган фаолларни озод қилиш ҳам бор. Нафақат пойтахтда, балки Грузиянинг бошқа шаҳарларида ҳам митинглар бўлиб ўтмоқда.

Бош вазир Ираклий Кобахидзе аввалроқ мамлакатнинг мақсади 2030 йилгача ЕИга аъзо бўлиш эканини айтган эди. Бироқ унинг интеграцияни тўхтатиш қарори мамлакат ичида ва ташқарисида танқидларга сабаб бўлди. У европалик сиёсатчиларни Грузияни грантлар ёрдамида шантаж қилишда айблади ва бу ҳукуматни ўз ҳаракатларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди, деди.

Бу қарордан кейин Грузиянинг АҚШ, Нидерландия, Литва, Болгария ва Жанубий Кореядаги элчилари истеъфога чиқди.

Бунга халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносабат билдирилди. Украина президенти Владимир Зеленский Грузия расмийларининг 19 нафар вакили, жумладан Кобахидзе ва «Грузия орзуси» партияси етакчиси Бидзина Иванишвилига қарши санкция қўллади. АҚШ Давлат департаменти ҳам Грузияга қарши янги санкциялар жорий этилиши мумкинлигини эълон қилди.

Киритилди: 05:30 20.12.2024. Ўқилди: 3697 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!