Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (МАГАТЭ) Эронда тахминан 440 кг 60% гача бойитилган уран бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.. МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси бу ҳақда Foreign Policy журналига берган интервьюсида маълум қилди.
"Сўнгги маълумотларга кўра, бу тахминан 440 кг 60% гача бойитилган уран ва ундан ҳам кўпроқ миқдорда 20% ва 5% даражаларига бойитилган уран. Демак, у ерда катта миқдордаги ядровий материаллар мавжуд", деди у.
Гросси МАГАТЭ инспекторлари ҳозирда Эроннинг ядровий иншоотларига кириш имконига эга эмаслигини таъкидлади. "Шунинг учун, бошқа нарсалар қатори, бу киришни тиклаш жуда муҳим. Ва яна бир нуқта бор: ядровий материаллар ҳали ҳам у ерда", дея қўшимча қилди у.
"Уларнинг бошқа жойга йўналтирилмаганлигини ёки ҳеч қаерга яширилмаганлигини текшириш учун у ерга қайтиб боришимиз керак", дея қўшимча қилди Гросси. МАГАТЭ таснифига кўра, ядровий қурол ишлаб чиқариш учун уран 90% гача бойитилиши керак ва тахминан 42 кг 60% гача бойитилган уран битта ядровий қурол яратиш учун "назарий жиҳатдан етарли".
Аввалроқ Эрон президенти Масуд Пезешкиан Ислом давлатида ядровий қурол йўқлигини тасдиқлаш учун мамлакат ичида ҳар қандай текширув ўтказишга тайёрлигини билдирган эди.