Германияда фақат ички хавфсизлик билан шуғулланадиган янги ҳарбий бўлинма ташкил этилади. Бу ҳақда немис армияси вакилига таяниб, Tagesshau хабар берди. 1 апрелдан ташкил этиш режалаштирилган ушбу дивизия таркибидан барча захира бўлинмалар ўрин олади ва шу орқали улар бевосита бундесвар қўмондонлиги остига ўтади.
Қайд этилишича, миллий хавфсизлик кучлари кескинлик ёки можаро вақтида ички инфратузилмани — портлар, темийўл объектлари, шунингдек, қувурлар, қўшинларни жойлаштиришга мўлжалланган йўллар, кўприклар, транспорт тугунларини ҳимоя қилиши керак бўлади.
Бунга қадар ички хавфсизликни таъминлаш билан давлат қўмондонлиги остида бўлган рота ва полклардан иборат бундесвар ҳудудий захиралари шуғулланган. Маълумотларга кўра, айни вақтда тўртта полк ва захирадагилардан ташкил топган 37 та ички хавфсизлик ротаси мавжуд.
Таъкидланишича, бу немис армиясининг 64 минг ҳарбийдан иборат Германия қуруқликдаги қўшинларини бирлаштирувчи тўртинчи бўлинмасига айланади. Шунингдек, ундан НАТОга қарши можаролар юзага келганда кучларни Полша, Литва ва Эстония каби алянснинг ташқи чегараларига жойлаштириш мумкин бўлади.
Reutersʼнинг қайд этишича, мазкур янгилик немис дивизиялари сонини (бўлинмаларда тахминан 20 мингдан ҳарбий хизматчи бор) Германия Қуролли кучларининг умумий сонини (тахминан 180 минг) оширмаган ҳолда кўпайтириш имконини беради. Агентликка кўра, ушбу қадам Берлинга ҳудудий мудофаа қўмондонликлари тузилмасини тартибга солишда ёрдам беради.
2024 йилнинг ёзида бундесвар бош инспектори ўринбосари генерал-лейтенант Александр Хоппе Германия захирадаги ҳарбийлар сонини камида 60 минг кишига етказишни режалаштираётгани ҳақида гапирганди. Унинг фикрича, захирадагилар худди совуқ уруш вақтидагидек жанг майдонида қўшинлар ўрнини эгаллашда керак бўладиган кўникмаларга ўргатилади.