31 май куни Германиянинг ғарбий қисмида енгил моторли самолёт яшаш уйига қулаб тушиши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага двигателнинг носозлиги сабаб бўлган. Бу ҳодиса баҳор бошидан бери минтақадаги иккинчи шундай фожиа саналади.
Фожиа тушдан кейин, Дюсселдорф шаҳрининг ғарбида жойлашган Коршенброх шаҳри ҳудудида содир бўлган. Полиция маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлардан бири самолётни бошқарган аёл учувчи бўлган.
Тарқалган суратлардан кўринишича, самолёт хусусий яшаш уйига қулаб тушган ва ҳодиса жойида ёнғин чиққан.
“Bild” газетаси хабарига кўра, қулашдан олдин учувчи диспетчерларни двигателдаги муаммо ҳақида огоҳлантирган ва энг яқин аэродромга фавқулодда қўниш сўраган.
“Rheinische Post” газетасининг ёзишича, жорий йилнинг март ойида ҳам айнан шу ҳудудда шунга ўхшаш фожиа юз берган.