Ғазода муҳим инфратузилма ва ишлаб чиқариш объектларини қайта қуриш, асосий хизматларни тиклаш, шикастланган уй-жойлар, касалхоналар ва мактабларни қайта қуриш учун 71,4 миллиард доллар керак бўлади.
Бу рақамлар Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда тайёрланган БМТ ҳисоботида келтирилган.
Ҳисобот муаллифларининг сўзларига кўра, инфратузилма зарари 35,2 миллиард долларни ташкил этади, иқтисодий ва ижтимоий йўқотишлар эса 22,7 миллиард долларга баҳоланган. Фақат Ғазода қайта тиклаш ишларининг дастлабки 18 ойида ҳаётни таъминлашнинг муҳим чоралари учун 26,3 миллиард доллар керак бўлади.
Мутахассисларнинг тахминларига кўра, умумий тикланиш даври уч йилдан беш йилгача давом этади.
Ғазо секторидаги икки йиллик жангларда 372 минг уй вайрон бўлган ёки шикастланган, касалхоналарнинг ярмидан кўпи ишламай қолган ва деярли барча мактаблар тўлиқ ёки қисман вайрон бўлган. Коммунал хизматлар мавжуд эмас. Тахминан 1,9 миллион аҳоли ўз уйларини ёки минтақани тарк этишга мажбур бўлган, улардан 1,2 миллиони уйсиз. Бу вақт ичида Ғазо иқтисодиёти 84 фоизга қисқарган. Ҳисобот муаллифларининг сўзларига кўра, Ғазо секторидаги турмуш даражаси 77 йил орқага сурилган.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилган «Тинчлик Кенгаши» Ғазо секторини қайта қуриш режасини тақдим этган эди. Режа минглаб янги уй-жойлар, таълим, дам олиш, маданий ва бошқа иншоотларни улкан миқёсда қуришни кўзда тутади. Уни амалга ошириш учун маблағ кенгашга аъзо мамлакатларнинг ҳиссаси ҳисобидан амалга оширилиши кутилмоқда.