Европа Иттифоқи ва АҚШ расмийлари Украинани Россия билан тинчлик музокараларидаги позициясини юмшатишга чақирмоқда. Бунинг эвазига Киевга хавфсизлик кафолатлари ва ЕИга кириш жараёнини бошлаш таклиф этилади. Бу ҳақда Италиянинг La Repubblica газетаси хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, G7 давлатлари президент Владимир Зеленский томонидан Украина учун таклиф этилган “тинчлик формуласи” бўйича саммит ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватлаган. Бироқ, G7 шартларни юмшатиш ва уларни глобал жануб мамлакатлари: Африка, Лотин Америкаси ва Осиёнинг ривожланаётган мамлакатлари учун мақбулроқ қилишни таклиф қилади.
“Катта еттилик” Киевга таклиф қилишга тайёр бўлган вариантлардан бири бу декабр ойида бўлиб ўтадиган ЕИ саммитида Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокаралардир.
La Repubblica газетасининг ёзишича, Вашингтон уруш тугашини тезлаштириш ниятида, чунки Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршилик АҚШ сайловлари олдидан муаммога айланиши мумкин.