Гаити пойтахти Порт-о-Пренсда сўнгги икки кун ичида полиция амалиёти натижасида жиноий гуруҳнинг 100 дан ортиқ аъзоси йўқ қилинди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, тўдалар назорати остидаги ҳудудларда ўтказилган рейдларда ҳужумчи дронлардан фойдаланилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тармоғи (RNDDH) операция ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
Расмий идоралардан ҳозирча ҳеч қандай изоҳ берилмаган.
2025 йилнинг дастлабки уч ойида Гаитида содир бўлган қуролли зўравонликлар натижасида 1600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна 580 киши жароҳатланди. Бундай маълумотлар БМТнинг Гаитидаги интеграциялашган идораси (BINUH) ҳисоботида келтирилган.