Яманда футбол бўйича ёшлар миллий терма жамоасининг мамлакат тарихида илк бор Ғарбий Осиё чемпионатидаги ғалабаси муносабати билан кенг кўламли тантаналар ўтказилди.
Байрам исёнчи ҳусийлар назоратидаги ва халқаро ҳамжамият тан олган ҳукумат назорати остидаги ҳудудларда яшовчи мухлисларни бирлаштирди. Яманлик ишқибозлар ўз қувончларини одатдагидек – автоматлардан ҳавога ўқ узиш орқали изҳор қилишди. Оқибатда дайди ўқлар туфайли камида беш киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, яманликлар Саудия Арабистони жамоасини пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида мағлуб этган. Ўйин пайтида барча жабҳаларда жанговар ҳаракатлар тўхтаган.
Етти йилдан бери қонли фуқаролар уруши давом этаётган мамлакатнинг ҳар икки ҳудудида теле ва радиоканаллар ўйиндан тўғридан-тўғри эфир олиб борган.