Францияда ҳар йили 21 июн куни нишонланадиган Fête de la Musique мусиқа байрами вақтида аёлларга шприц орқали ҳужум қилиш ҳолатлари қайд этилди.
Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳужумлар мамлакатнинг бир нечта минтақаларида содир бўлган. Жами 145 нафар аёл бундай ҳодиса юзасидан мурожаат қилгани ҳақида DW хабар берди.
Байрам арафасида ижтимоий тармоқларда аёлларга ҳужум қилишга чақирувчи постлар тарқалган. Кейинчалик жабрланувчилар прокуратурага шприц билан укол қилингани ҳақида ариза беришган.
Прокуратура тергов ишини бошлади. Ҳозиргача 12 нафар гумонланувчи қўлга олинди. Шифохоналарда жабрланганлардан олинган таҳлиллар асосида организмга қандай моддалар киритилганини аниқлаш учун токсикологик текширувлар ўтказилмоқда.