Франция 2030 йилгача мўлжалланган ҳарбий режалаштириш тўғрисидаги янгиланган қонун доирасида мудофаа харажатларини яна 36 миллиард еврога оширмоқчи. Мазкур маблағлар мамлакат ядровий арсеналини кенгайтириш ҳамда ракета ва дронлар захирасини кўпайтиришга йўналтирилади.
"Франция Евроҳудуддаги энг катта бюджет тақчиллигига эга давлатлардан бири бўлишига қарамай, ҳукумат ушбу харажатларни оширишга қарор қилди. Бу қарор Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар келтириб чиқараётган хавфсизлик босими, шунингдек, Доналд Трамп даврида Вашингтоннинг NATO олдидаги мажбуриятлари борасидаги мавҳумликлар фонида қабул қилинмоқда", дея хабар бермоқда агентлик.
Янги қонун лойиҳасига кўра, ўн йилликнинг охирига бориб Франциянинг мудофаа харажатлари ялпи ички маҳсулотнинг ҳозирги 2 фоизидан 2,5 фоизигача кўтарилади. 2030 йилга келиб йиллик ҳарбий бюджет 76,3 миллиард еврони (89,3 млрд доллар) ташкил этади, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан деярли икки баравар кўп.
Ҳозирда Франция дунёдаги тўртинчи йирик арсеналга эга мамлакат ҳисобланади. Париж 290 та сувости ва ҳаво базасидаги қуролларини сақлаб туриш учун йилига 5,6 миллиард евро (6 миллиард доллар) сарфлайди.