Бугун 27 апрель, 2026 йил, душанба

O'ZB

ФИФА ЖЧ-2026 мукофот жамғармасини оширишга қарор қилди

ФИФА ЖЧ-2026 мукофот жамғармасини оширишга қарор қилди

2026 йилги жаҳон чемпионатининг мукофот жамғармаси кўпайтирилади. Бунга айрим миллий ассоциацияларнинг финал босқичидаги юқори эксплуатацион харажатлардан хавотир билдиргани сабаб бўлган. Бу ҳақда PA нашри хабар бермоқда.

Аввалроқ бир қатор Европа терма жамоалари Шимолий Америкадаги турнирда иштирок этиш зарар келтириши мумкинлигидан хавотир билдиришган эди. Сабаби, ушбу мусобақа харажатлари тўрт йил олдинги Қатар мезбонлик қилган турнирга қараганда анча юқори бўлиши кутилмоқда. Шундан сўнг, ФИФА дунё бўйлаб миллий ассоциациялар билан мулоқот олиб борди ва ҳам иштирокчи мамлакатлар учун мукофот пулларини, ҳам 211 та аъзо ассоциацияга бериладиган ривожланиш маблағларини оширишга қарор қилди.

Ҳозирда молиялаштиришни кўпайтириш бўйича деталлар муҳокама қилинмоқда.

«2026 йилги жаҳон чемпионати жаҳон футбол ҳамжамиятига қўшадиган молиявий ҳиссаси нуқтаи назаридан инқилобий бўлади. ФИФА ўз тарихидаги энг кучли молиявий ҳолатда эканидан фахрланади ва FIFA Forward дастури орқали жаҳон футболига фойда келтиришда давом этади», — дея таъкидлади ФИФА вакили.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида ФИФА финал босқичининг 48 та иштирокчиси учун рекорд даражадаги 727 миллион АҚШ доллари миқдоридаги мукофот жамғармасини тасдиқлаган эди. Ушбу маблағнинг 50 миллиони ғолиб жамоага насиб этиши белгиланган. Бироқ Европа ассоциациялари расмийлари АҚШдаги солиқ тизимининг штатма-штат фарқ қилиши ва бошқа харажатлар туфайли ушбу рекорд сумма ҳам етарли бўлмаслиги мумкинлигини кўрсатиб ўтишган.

ФИФА кенгашининг навбатдаги йиғилиши 28 апрель куни Канаданинг Ванкувер шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда молиялаштиришнинг янги миқдорлари бўйича батафсил маълумот берилиши кутилмоқда.

Киритилди: Бугун 15:09. Ўқилди: 237 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!