Бугун 31 июль, 2026 йил, жума

O'ZB

Фермерларга дизель учун 2 млн сўмгача субсидия берилади

Фермерларга дизель учун 2 млн сўмгача субсидия берилади

Адлия вазирлиги 29 июль куни Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан биржа савдолари орқали харид қилинган дизель ёқилғиси қийматининг бир қисмини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низомни давлат рўйхатидан ўтказди.

Эндиликда пахта ва буғдой етиштирувчи фермерлар 2026 йил 1 апрелдан 1 июлгача биржа савдолари орқали харид қилган дизель ёқилғиси нархи 1 тоннаси учун 13 млн сўмдан қиммат бўлса, ошган сумманинг 2 млн сўмгача бўлган қисмини давлат субсидия сифатида қоплайди. Бунинг учун алоҳида ариза топшириш талаб этилмайди – субсидия проактив, яъни автоматик тартибда ажратилади.

Субсидия олиш учун:

  • дизель ёқилғиси фақат биржа савдолари орқали харид қилинган бўлиши;
  • фермернинг экин майдонлари ва экин турлари Агропортал тизимига киритилган бўлиши;
  • харид қилинган дизель ёқилғиси агротехнологик харитада белгиланган апрель–июнь ойларидаги агротехник ишлар учун ишлатилган бўлиши керак.

Субсидия миқдори Агропортал маълумотлари асосида автоматик ҳисобланади. Ҳисобланган маблағлар агентлик томонидан фермернинг тижорат банкидаги махсус ҳисобварағига 3 иш куни ичида ўтказилади.

Агар техник носозлик ёки маълумотлар алмашинувидаги узилиш сабабли фермер ҳақидаги маълумотлар агентликка етиб бормаса, у агентликка ёзма равишда ёки Агропортал орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Дизель ёнилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш мақсадида субсидия ажратилиши ҳақида президентнинг май ойидаги фармонида белгиланганди. 2026 йил 1 сентябрдан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасининг хўжаликларга айрим субсидияларни ажратиш ваколати Аграр соҳада тўловлар агентлигига ўтказилади.

Киритилди: Бугун 15:54. Ўқилди: 227 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!