Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Риштон тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдоси билан шуғулланиб келган А.Ш. (муқаддам ЖКнинг 276-моддаси билан судланган) “Хўжа Илғор” МФЙ ҳудудидаги божхона постида умумий баҳоси 1,3 млрд сўмлик 9 542 дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалари мавжуд бўлган “Зардекс” номли дори воситасини Қирғиз Республикасидан Ўзбекистон Республикасига олиб кирган вақтида ушланиб, ушбу дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 246-моддаси (контрабанда) ва 251-1-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.