Хабарингиз бор, "Aniq.uz" сайти юртимизнинг нуфузли нашриётларидан бири — "Фан" нашриёти билан "Янги китоб" лойиҳасини йўлга қўйган.
Бугун эътиборингизга нашриётда яқиндагина чоп этилган янги китоб — "Ўзбек халқ қўшиқлари" ҳақида маълумот берамиз.
Ҳаммамиз ёшлигимиздан турли халқ қўшиқларини эшитиб, куйлаб катта бўлганмиз. Халқимизнинг бу маънавий мероси оғиздан-оғизга ўтиб, аждодларимиздан бизга қадар етиб келди. Халқ қўшиқларининг негизида инсоний туйғулар, яхшилик каби ижобий хислатлар мужассам.
Шомирза Турдимов, Шаҳноза Назаровалар томонидан «Девону луғотит турк» (Маҳмуд Кошғарий), «Гулистон бит-туркий» (Сайфи Саройи), «Луғоти чиғатоий ва турки усмоний» (Сулаймон Бухорий) каби қўлёзма, тошбосма манбалар ҳамда ундан кейинги даврларда чоп этилган турли тўплам ва архив материаллари асосида энг мукаммал қўшиқ мажмуаси яратилди. Мажмуа ўзбек халқ қўшиқларини хорижий тилларга таржима қилишда ва кенг тарғиб этишда асосий манба бўлиб қолишига ҳамда бу ўлмас мерос ҳеч бир ўқувчини бефарқ қолдирмаслигига умид қиламиз.