Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилнинг Хеврон шаҳри яқинида жойлашган Масафер-Ятта ҳудудидаги фаластинликлар уйлари вайрон қилинганидан сўнг бошпана топиш учун тепаликларда ғорлар қазишга мажбур бўлмоқда.
Фаластинликлар уйларининг бузилиши сўнгги йилларда кенгайгани қайд этилмоқда. Исроилнинг B’Tselem ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилда ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда «ноқонуний қурилиш» баҳонаси билан камида 1 267 та фаластин иншооти бузилган. Ташкилотга кўра, бу 2006 йилдан бери қайд этилган энг юқори йиллик кўрсаткичдир.
Исроил ҳукумати уй-жойларни бузишнинг асосий сабаби сифатида қурилиш учун тегишли рухсатномаларнинг мавжуд эмаслигини келтиради.
Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса мазкур сиёсат фаластин жамоаларининг ривожланишига тўсқинлик қилаётганини билдирмоқда. Танқидчилар, шунингдек, бу жараённи ишғол қилинган ҳудудларда Исроил аҳоли пунктларининг кенгайиши билан боғламоқда.
Ғарбий Соҳилдаги зўравонликлар 2023 йил октябридан кейин янада кучайган. Бу даврда фаластинликлар орасида қурбонлар, ҳибсга олишлар, уй-жойларни бузиш ва аҳоли пунктларининг кенгайиши билан боғлиқ ҳолатлар кўпайган.
БМТнинг Инсонпарварлик масалаларини мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) маълумотларига кўра, 2026 йилда ҳам уй-жойларни бузиш ва кўчирилиш ҳолатлари юқори даражада сақланиб қолмоқда. Бундай ҳолатлар натижасида ҳар ой юзлаб фаластинликлар ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлмоқда.