Хитойда бўлиб ўтган музокаралар чоғида 14 та Фаластин фракцияси Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатлар тугаганидан сўнг “келишув учун миллий муваққат ҳукумат” тузиш бўйича келишувга эришди. Пекин декларацияси имзолангани ҳақида Хитой ташқи ишлар вазири Ван И эълон қилди.
Баёнотга кўра, имзо чекканлар орасида ҲАМАС гуруҳи, шунингдек, унинг рақиби, Фаластин Озодлик Ташкилотидаги энг кучли фракция бўлган, Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олган ва аксарият Ғарб давлатларида фаластинликлар вакили сифатида кўриладиган ФАТҲ вакиллари ҳам бўлган.
Шу билан бирга, Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац келишувни рад этиб, Ғазо секторида ҲАМАС ва ФАТҲ ўртасида қўшма ҳукумат бўлмайди, чунки “ҲАМАС ҳукмронлиги тор-мор қилинади”, дея таъкидлади.