Click ва ATTO компаниялари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган FacePay технологияси Тошкент метросининг яна бир йўналишида — Чилонзор линиясида ҳам жорий этилди. Янги тизим орқали метрополитенда юриш янада қулай, тез ва хавфсиз бўлади.
FacePay дастлаб Юнусобод йўналишида синов тариқасида жорий қилинган эди. Энди эса ушбу хизмат Чилонзор линиясидаги барча бекатларда ҳам фаолият юритмоқда. Яқин ойларда FacePay бошқа йўналишларга ҳам босқичма-босқич киритилиши кутилмоқда.
Тизимдан фойдаланиш учун ClickSuperApp ичидаги FacePay мини-иловаси орқали биометрик рўйхатдан ўтиб, хизматни фаоллаштириш кифоя. Кейин эса йўловчи шунчаки турникетга яқинлашиб, экранга қараши билан тўлов амалга оширилади — нафақат карта ёки телефонга эҳтиёж қолмайди, балки навбатда туриш ҳам шарт эмас.
FacePay нафақат вақтни тежайди ва ҳаракатни енгиллаштиради, балки экологик жиҳатдан ҳам фойдали ҳисобланади — қоғоз чипталар ва чеклардан воз кечиш атроф-муҳитга бўлган таъсирни камайтиради.
Тизимнинг хавфсизлиги юқори даражада таъминланган бўлиб, барча жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилган.