Эронга қарши урушнинг кучайиши ва можаро туфайли энергия таъминотида узилишлар юз бериши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ортидан Европада табиий газ нархи сўнгги уч йилдаги энг юқори кўрсаткичга етди.
Тасним агентлиги хабар беришича, сешанба куни энергия ташишнинг муҳим йўналиши бўлган Ҳурмуз бўғозида нефть танкерларига ҳужум қилингани ҳақидаги хабарлар газ нархларининг янада ошишига сабаб бўлган.
Амстердам биржасидаги асосий TTF газ фьючерслари бир ойлик етказиб бериш учун мегаватт-соатига 71,70 еврогача кўтарилди. Бу аввалги кунга нисбатан қарийб 3 фоизга юқори.
Мутахассислар газ нархларининг ошишида Форс кўрфази давлатларидан суюлтирилган табиий газ (LNG) етказиб беришда узоқ муддатли узилишлар юз бериши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар асосий омил бўлаётганини таъкидламоқда.
Германиянинг Commerzbank банки хомашё бозори бўйича эксперти Норман Либке йирик газ ишлаб чиқарувчи Қатардан етказиб беришнинг тўхтатилиши вазиятга таъсир қилаётган омиллардан бири эканини айтди. Унинг қайд этишича, Европа ва Осиёга LNG етказиб беришдаги чекловлар яна бир ойга узайтирилган.
«Шу сабабли келгуси ҳафталарда нархларнинг янада ошиши хавфи сақланиб қолмоқда», — деди Либке.
Verivox нархларни таққослаш портали маълумотларига кўра, чакана истеъмолчилар учун газ тарифлари ҳам сезиларли даражада ошган. Айни пайтда янги мижозлар учун газ нархи киловатт-соатига тахминан 11 евроцентни ташкил этмоқда.
Газ нархлари сўнгги уч ҳафта давомида қарийб 40 фоизга ошган. Мутахассислар улгуржи нархлардаги ўсиш истеъмолчилар тарифларида бироз кечикиш билан акс этишини инобатга олиб, яқин кунлар ва ҳафталарда чакана нархлар ҳам ошиши мумкинлигини билдирмоқда.
Нархларнинг ўсишига Ҳурмуз бўғозидаги вазиятдан ташқари, Европада газ омборларининг нисбатан паст даражада тўлдирилгани ҳам таъсир кўрсатмоқда.