Европа Парламенти АҚШ билан божхона тарифлари бўйича келишувни амалга оширишга қаратилган икки қонун лойиҳасини тасдиқлади. Ҳужжатлар 2025 йил август ойида Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасида қабул қилинган қўшма баёнот асосида ишлаб чиқилган.
Овоз бериш якунларига кўра, қарийб 440 нафар депутат ташаббусларни қўллаб-қувватлади, 150 га яқини қарши овоз берди, яна 50 нафар депутат бетараф қолди.
Қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ, АҚШнинг саноат маҳсулотларига нисбатан тарифлар бекор қилинади, шунингдек, Америка денгиз маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун Европа бозорига имтиёзли кириш имконияти яратилади. Бундан ташқари, АҚШ омарларини Европа Иттифоқига божсиз олиб кириш тартиби ҳам кенгайтирилади.
Қонун лойиҳаларида имтиёзлар 2029 йил 31 декабргача амал қилиши ва кейинчалик узайтирилиши мумкинлиги белгиланган. Шу билан бирга, агар АҚШ Европа Иттифоқидан импорт қилинадиган пўлат ва алюминий маҳсулотларига нисбатан 15 фоиздан юқори божларни бекор қилмаса, мазкур имтиёзларни тўхтатиб туриш механизми ҳам назарда тутилган.
Европа Парламентининг халқаро савдо қўмитаси раҳбари Бернд Лангенинг таъкидлашича, келишув шартларининг қонун даражасида мустаҳкамланиши Брюсселга Вашингтон ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда тегишли жавоб чораларини кўриш имконини беради.
Маълумот учун, Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги мазкур савдо битими 2025 йил июль ойида имзоланган бўлиб, унга кўра АҚШ бозорига етказиб бериладиган Европа маҳсулотларига 15 фоизлик тариф қўлланилади.