Европа Иттифоқида Украинага ажратилган 90 миллиард евролик йирик кредит маблағларини ким ва қандай тартибда қайтариши борасида жиддий шубҳалар юзага келди. Бу ҳақда Европа Комиссияси Европа Парламенти депутати Фабио Де Масининг расмий сўровига жавоб қайтаргандан сўнг маълум бўлди, деб хабар тарқатди «Berliner Zeitung» газетаси.
Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, Европа Комиссияси қарз субсидиясининг аниқ миқдорини, ҳатто ушбу молиявий восита ЕИнинг 2027 йилги бюджетида қандай қўлланилишини ҳам белгилаб бера олмаган. Натижада, Иттифоққа аъзо қайси давлатлар мазкур кредит учун жавобгарликни ўз зиммасига олиши ва уларнинг улуши қанча бўлишини тушунишнинг имкони бўлмаяпти. Депутат Фабио Де Масининг таъкидлашича, ҳатто Комиссиянинг ўзи ҳам аъзо мамлакатлар қанча маблағ тўлаши кераклигини билмайди. Унинг фикрича, бу каби қарзлар коррупциялашган олигархларнинг бойиб кетишига хизмат қилиши мумкин. Шунингдек, у Германия ҳукумати ва парламенти оқибатларни тўғри баҳоламасдан ушбу қарзни маъқуллаши мумкинлигидан ҳайратда эканини билдирган.
Маълумот ўрнида, умумий кредит миқдори икки қисмга бўлинган: 30 миллиард евро Украинанинг ички бюджет эҳтиёжлари учун, 60 миллиард евро эса ҳарбий харажатлар ва мудофаа ишлаб чиқаришини ривожлантириш учун ажратилган. Ушбу масала бўйича овоз беришда иштирок этишдан бош тортган Чехия, Венгрия ва Словакия мазкур молиявий мажбуриятлардан тўлиқ озод қилинган.