Бугун 27 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Европа комиссияси АҚШнинг айбловларини рад этди

Европа комиссияси АҚШнинг айбловларини рад этди

Европа комиссияси АҚШнинг Европа Иттифоқини ишлаб чиқариш қувватлари таркибий жиҳатдан ортиқча бўлган мамлакатлар қаторига киритиш фикрига қўшилмайди. Аксинча, комиссия фикрича, Европа Иттифоқи давлатларининг ўзи бу муаммодан энг кўп жабр кўраётганлар қаторига киради.

Бу ҳақда Европа комиссияси вакили маълум қилган.

«Биз Европани ишлаб чиқариш қувватларининг таркибий ортиқчалиги манбаи сифатида кўрсатишга уринишларни қатъиян рад этамиз. Аксинча, Европа ушбу муаммодан энг кўп жабр кўраётган ҳудудлардан бири ҳисобланади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи ва АҚШ глобал миқёсда ишлаб чиқариш қувватларининг ортиқчалиги билан боғлиқ муаммодан бирдек хавотирда. Бу ҳолатнинг катта қисми давлат сиёсати билан боғлиқ бўлиб, асосан учинчи мамлакатларда жамланган. Шу билан бирга, Европа комиссияси ушбу масала бўйича биргаликда чоралар кўрилмаётганидан афсусда эканини билдирди.

Европа комиссияси вакили Брюссель Вашингтон билан савдо соҳасида аввал эълон қилинган қўшма баёнотни амалга ошириш доирасида ҳамкорликни давом эттиришини маълум қилди. Шунингдек, янги тариф истисноларини жорий этиш ёки божхона тўловларини камайтириш имкониятлари ўрганилишини айтди.

Унинг таъкидлашича, қўшма баёнотга мувофиқ, Европа Иттифоқи товарларига нисбатан жами божхона тўловлари ставкаси 15 фоиздан ошмаслиги керак. Шу боис, АҚШ томонидан ўтказилаётган текширув натижалари бўйича қабул қилинадиган ҳар қандай чоралар, амалдаги божхона тўловлари ҳам ҳисобга олинган ҳолда, ушбу чекловга тўлиқ мувофиқ бўлиши лозим.

Киритилди: 08:00 26.11.2026. Ўқилди: 668 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар