Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляен, агар АҚШ билан импорт божлари бўйича музокаралар натижасиз якунланса, Европа Иттифоқи Google ва Meta каби Америка технология гигантларига қўшимча солиқлар жорий этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.
Янги солиқлар рақамли реклама даромадларига таъсир кўрсатиши мумкин, бу эса йирик ИТ-компаниялар учун жиддий зарба бўлади. Фон дер Ляеннинг таъкидлашича, Брюссел Вашингтон билан мувозанатли келишувга эришишга интилмоқда, аммо шу билан бирга савдо низоси кучайган тақдирда қўллаш учун чора-тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқмоқда.
U, шунингдек, АҚШ томонидан бошланган "глобал савдо уруши" жаҳон савдоси манзарасини тубдан ўзгартираётганини ва "АҚШ билан муносабатларда бурилиш нуқтаси"га айланаётганини таъкидлади.
"Биз ишларнинг аввалги ҳолатига қайтмаймиз," дея таъкидлади Европа Комиссияси раиси. Унинг айтишича, АҚШ президенти Доналд Трамп янги божлар жорий этилишини эълон қилган 2 апрелгача Европа Комиссияси музокаралар олиб боришга ҳаракат қилган, аммо ўзаро тушунишга эришилмаган. Шундан сўнг тез орада Европа Иттифоқи жавоб чоралари пакетини келишиб олди.