Европа мудофаа масаласида фақат АҚШга боғланиб қолмасдан, ўз хавфсизлигини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни қилиши керак. Бу ҳақида Латвия президенти Раймондс Вейонис баёнот берди. Бундан олдин Еврокомиссия ҳам шу мақсадлар учун 20 миллиард евродан зиёд маблағ ажратилишини таклиф этганди. Бу ҳақида ТАСС хабар берди.
Умуман 23,5 миллиард евро Европа Иттифоқининг стратегик мустақиллиги ва ўз фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш лаёқатини кенгайтириш, халқаро аренада Брюссель позициясини кучайтиришга йўналтирилиши режалаштириляпти. Бу ҳақида Европа Иттифоқининг Олий вакили Федерика Могерини айтиб ўтди.
Унга кўра, Еврокомиссия 2021-2027 йилларда Европа мудофаа жамғармаси тузилишига 13 миллиард евро йўналтиришни таклиф этган. Мазкур жамғарма ҳарбий технология ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи Европа фирмаларига инвестиция киритиш билан шуғулланади. Бу шифрлаш дастурий таъминоти ва дронлар технологиялари кабиларгача тааллуқлидир.
Ўз навбатида Евроиттифоқ Европадаги тадқиқотлар ва мудофаа технологиялари соҳасидаги энг йирик тўртта инвесторлардан бирига айланмоқчи. Бунинг учун ўзининг илмий ва саноат базаси инновационлиги ва рақобатдошлигини қўллаб-қувватлаш мақсад қилиняпти.
Европа Иттифоқи АҚШ ва НАТОдан мустақил тарзда ўзининг мудофаа сиёсатини олиб бориши зарурати ҳақида кўҳна қитъадаги яна кўплаб етакчилар фикр билдиряпти.
Яқинда Германия канцлери Ангела Меркель Европа бундан буён хавфсизликни таъминлаш борасида АҚШга суяна олмаслигини таъкидлаганди.
“АҚШ бизни шунчаки ҳимоя қилган даврлар ўтиб кетди, - деди у. – Шунинг учун Европа ўз тақдирини ўзи қўлга олиши керак. Бизнинг келажакдаги вазифамиз шундан иборат”.
Энди мазкур режа реал ҳақиқатга айланмоқда. Могерини тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича Европа механизми яратилиши, унинг бюджети 10,5 миллиард евро бўлишини қайд этгани ҳам буни тасдиқлайди.
Эътироф этилишича, янги восита ЕИ ҳарбий соҳада бажара оладиган вазифалар соҳасини кенгайтириш имконини беради.
Manba: xs.uz