Суриянинг Эс-Сувейда вилоятида друзлар қўмондони Ҳикмат ал-Ҳижрига қарашли кучлар томонидан наслдан-насл яшаб келган уйларидан мажбуран чиқарилган бедуин араб оилаларининг бир қисми эвакуация қилинди.
Тонг соатларида Эс-Сувейданинг марказидан тўртта автобус ва тахминан 20 та шахсий транспорт воситасидан иборат колонна йўлга чиқди. Уларда аёллар ва болаларни ўз ичига олган юзлаб бедуин оилалари бор эди. Улар 13 июлда бошланган тўқнашувлар давомида ал-Ҳижрига алоқадор қуролли гуруҳлар томонидан куч билан кўчирилган эдилар.
Эвакуация расмий тузилмаларнинг ҳамроҳлигисиз амалга оширилди, бироқ Сурия Қизил Ярим Ой жамияти билан мувофиқлаштирилган ҳолда ўтказилди. Эвакуация қилинганларнинг асосий қисми зўравонликлар марказига айланган Эл-Макус ҳудудида жойлашган эди.
Колонна аввал Валга қишлоғига, сўнгра Дараа вилоятидаги Изра туманига, кейинроқ эса Дамашқ шаҳри атрофидаги вақтинча турар жой марказларига етказилди. Бу марказлар Сурия Қизил Ярим Ой жамияти томонидан тайёрланган.
Анадолу агентлигига маълум қилган суриялик расмийларга кўра, Дамашқ ҳукумати друзлар етакчиси Ҳикмат ал-Ҳижридан бедуин оилаларини ўз жойларига қайтариш бўйича огзаки кафолат олган. Аммо ал-Ҳижри гуруҳи ҳалигача расман кафолат ёки қайтиш шартлари юзасидан баёнот бермади.
Сувейдадаги вазият Исроилнинг Дамашқка қарши ҳаво ҳужумлари ортидан Сурия хавфсизлик кучларининг ҳудуддан чиқиб кетиши билан янада кескинлашди. Ҳокимият вакуумидан фойдаланган қуролли друз гуруҳлари бедуин оилаларига нисбатан ҳужумлар ва мажбурий кўчириш амалиётларини бошлади.