“Автомобилсиз кун“ акцияси Президентнинг 2024 йил 21 февралдаги №37-сонли фармонига мувофиқ ҳар ойнинг тўртинчи чоршанба куни ўтказилиб келинмоқда.
Қайд этилишича, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, атроф-муҳитнинг ифлосланишини камайтириш ҳамда йирик шаҳларда автомобиль ҳаракати тирбандлигини камайтириш мақсадида чоршанба, 25 июнь куни Тошкент, Нукус шаҳарлари ва мамлакатимизнинг барча ҳудудлари марказларида навбатдаги “Автомобилсиз кун“ акцияси бўлиб ўтади.
Эртага анъанавий тарзда давлат ташкилотлари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, барча фуқароларга шахсий автомашиналардан воз кечиб, жамоат транспортида ҳаракатланиш, пиёда юриш, велосипедлар ва бошқа экологик тоза ҳаракат воситаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
Бу каби ташаббуслар атмосферага зарарли ташланмаларни ва шаҳарда шовқинни камайтиришга, шунингдек, атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришга ёрдам беради.