CNN: Оқ уй ядро дастуридан воз кечиш эвазига Эронга берилиши кутилаётган таклифларнинг тафсилотларини эълон қилди.
Телеканал маълумотларига кўра, Трамп маъмурияти бунинг учун бир нечта таклифни кўриб чиқмоқда. Бироқ уларнинг барчаси дастлабки босқичда ва фақат битта, муҳокама қилинмайдиган шарт асосида амалга ошиши мумкин — бу Эроннинг уранни бойитишини тўхтатиш.
АҚШ президенти маъмурияти вакилларининг CNN'га маълум қилишича, шартлар орасида Эроннинг янги ядро дастурига 30 миллиард долларгача инвестиция киритиш таклифи ҳам бор. Бу дастур уранни бойитмасдан, фақат фуқаролик энергияси мақсадларида фойдаланишни назарда тутади.
Маълумотларга кўра, бу инвестиция Вашингтон томонидан ажратилмайди, маблағлар Қўшма Штатларнинг араб ҳамкорлари (эҳтимол, Қатар, БАА ва Саудия Арабистони) томонидан берилади.
"АҚШ бу музокараларга бошчилик қилишга тайёр. Бироқ бу ядро дастурини молиялаштиришни биз зиммасига олмаймиз, кимдир бунинг учун тўлашига тўғри келади", — деди Трамп маъмурияти вакили CNN'га.
Лойиҳада, шунингдек, Эронга қарши айрим санкцияларни бекор қилиш ва Теҳронга ҳозирда хориж банкларида музлатилган 6 миллиард доллар маблағдан эркин фойдаланиш ҳуқуқини бериш ҳам кўзда тутилган.
Аввалроқ Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт АҚШ ҳозир Эрон билан дипломатик мулоқот йўлларини излаётганини маълум қилган эди.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Вашингтоннинг Теҳрон билан бўладиган музокаралар ҳақидаги баёнотларини жиддий қабул қилмасликка чақирди ва бу борада АҚШ билан ҳеч қандай келишув йўқлигини айтди.
"Ҳали АҚШ билан янги музокараларда иштирок этишимиз ноаниқ, бу масала кўриб чиқилмоқда. Ҳозирча музокараларни бошлаш режамиз йўқ", — деди Эрон ташқи ишлар вазири.