Эроннинг олий раҳбари Оли Ҳаманий меърож кечаси муносабати билан ўтказилган маросимда АҚШни танқид қилди. Унинг нутқи давлат телевидениеси орқали намойиш этилган.
“АҚШ ўзининг инсон ҳуқуқлари тарафдори эканлигини айтади, ваҳоланки, мухолифатчи журналистни ўлдирган Саудия Арабистони ҳукуматини ҳалигача қўллаб-қувватлаб келяпти”, – деди Ҳаманий.
Шунингдек, у ИШИД террор гуруҳини АҚШ тузганини иддао қилди. “Америкаликларнинг ўзи буни тан олган. Пировардида ИШИДни баҳона қилиб минтақада ҳарбий базалар очишди. ИШИДни замонавий медиа ва молиявий ёрдам билан таъминлашди. Улар (террорчилар) Суриянинг нефтини сотиши учун замин тайёрлашди, кейин эса ИШИДга қарши курашишганини даъво қилишди”, – деди Эроннинг олий раҳбари.
Ҳаманийнинг фикрига кўра, Америка ўз ҳарбийларини Сурия ва Ироқдан олиб чиқиши зарур.
Эрон раҳбари эслаб ўтган журналист Жамол Қошиқчидир. У 2018 йилнинг октябрида, Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллигига янги ҳужжатларни олиш учун келган пайтда ўлдирилган. Ўтган ой АҚШ разведкаси эълон қилган хулосада журналистнинг ўлдирилишини Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад ибн Салмон маъқуллагани айтилди. Бироқ Риёз жиноятда шаҳзоданинг қўли борлигини рад этиб келади.