Эрон Ормуз бўғозидаги жанубий Кешм оролига етиб борган нефть тўкилиши оқибатида етказилган зарар учун компенсация талаб қилди. Эрон ТИВ вакили Исмоил Багаининг маълум қилишича, нефть тўкилиши бўғоз ва Уммон денгизидаги сувлар ҳолатининг ёмонлашишига олиб келган. Унинг сўзларига кўра, дастлабки маълумотлар ифлосланиш манбаи хорижий қуруқлик юк кемаси бўлганини кўрсатмоқда.
Бироқ дунё бўйлаб кемалар ҳаракатини кузатувчи америкалик TankerTrackers ресурси нефть тўкилиши 3 август куни Уммон ҳудудий сувларида Эрон томонидан Minoan Pioneer қуруқлик юк кемасига қилинган ҳужумдан кейин содир бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Маълумотларга кўра, ҳужумдан сўнг нефть сувга тўкилган ва оқим орқали бўғоздан Эрон қирғоқларига етиб борган.
Багаи бундай нефть тўкилишлари сўнгги ўн йилликларда Эроннинг соҳилбўйи ҳудудларига триллионлаб доллар миқдорида зарар етказганини таъкидлади. У ифлосланиш учун масъул томонлардан компенсация талаб қилди.
Нефть Кешм оролига етиб борган, аммо чоршанба куни кечга келиб унинг оқибатлари «деярли тўлиқ бартараф этилган». Бу ҳақда Эроннинг Ҳормозгон вилояти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Ҳабиб Масиҳий маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ифлосланиш қирғоқнинг қарийб 32 минг квадрат метр майдони ва 90 минг квадрат метр сув ҳудудига таъсир кўрсатган.
Нефть тўкилиши 28 февралда Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери Эроннинг Ормуз бўғози устидан назорати сақланиб қолаётган бир пайтда содир бўлди. Эрон АҚШ иттифоқчилари бўлган Форс кўрфази мамлакатларидан энергетика ресурсларини ташувчи кемалар ҳаракатини чекламоқда.
Сўнгги кунларда қўшни Уммон яқинида ҳам яна бир нефть тўкилиши содир бўлди. Бунга танкернинг саёз жойга ўтириб қолиши сабаб бўлган. Аввалроқ Agence France-Presse суриштируви натижасида кема портлашлар оқибатида шикастланганидан сўнг бир неча ҳафта давомида Уммондаги Ал-Қиблия ороли яқинида бўлгани аниқланган эди.