Теҳрон Вашингтондан мавжуд зиддиятни юмшатишга қаратилган янги таклиф олганини тасдиқлади.
Эрон ҳукумати расмий вакили Фотима Муҳожиронийнинг маълум қилишича, ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий АҚШ томонидан келиб тушган таклиф ҳақида ҳукумат аъзоларини хабардор қилган.
Айни пайтда Вашингтон ташаббусининг аниқ мазмуни очиқланмаган. Эрон томони ҳам ҳозирча унинг қайси шартларни ўз ичига олиши ҳақида батафсил маълумот бермади.
Reuters маълумотига кўра, АҚШнинг жавоби Қатар воситачилари орқали Эрон ташқи ишлар вазирига етказилган. Музокараларда томонларнинг асосий келишмовчилиги таклиф этилаётган чораларни қай тартибда амалга ошириш масаласи билан боғлиқ.
Теҳрон аввалроқ Ҳурмуз бўғозини қайта очиш ва Вашингтон билан музокараларни тиклашни кўзда тутувчи етти кунлик режани илгари сурган эди. Қатар эса АҚШ ва Эрон ўртасидаги билвосита мулоқотда воситачилик қилишда давом этмоқда.