Бугун 24 сентябрь, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Эрон Афғонистон билан чегарада 10 километрлик девор қурди. Яна 50 км девор қурмоқчи

Эрон Афғонистон билан чегарада 10 километрлик девор қурди. Яна 50 км девор қурмоқчи

Эрон ҳукумати Афғонистон билан чегарада узунлиги 10 км дан ортиқ девор қурилишини якунлади ва яна 50 км узунликдаги девор қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон армияси қуруқликдаги қўшинлари қўмондони ўринбосари, бригада генерали Нозар Неъматий маълум қилди, деб ёзади Tehran Times.

Аввалроқ Эрон давлат чегарасининг ушбу қисмида узунлиги 295 км ва баландлиги тўрт метр бўлган девор қуриш ниятида экани хабар қилинганди.

Неъматийнинг таъкидлашича, чегаранинг ёпилиши хавфсизликни яхшилайди ва контрабанданинг олдини олади, бу эса мамлакат иқтисодий ўсишига ва чегара ўтиш жойларини самарали бошқаришга ёрдам беради.

«Афғонистон билан чегаранинг шимолий қисмида чегарани ёпиш бўйича ишлар бошланди, у ерда операцияни назорат қилиш учун махсус штаб ташкил этилди. Ушбу тизимли ёндашув армия қуруқликдаги кучларининг муҳим иштирокида амалга оширилмоқда», деди генерал.

Неъматийнинг сўзларига кўра, девор қурилишида тўртта жанговар муҳандислар гуруҳи ва 14 та муҳандислик бўлинмаси, шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларидан бир нечта жанговар тайёр компаниялар иштирок этмоқда.

«Бешта устахона девор қурилишида фаол иштирок этмоқда ва Эрон армияси қуруқликдаги кучларининг юзлаб муҳандислик техникаси чегарани мустаҳкамлаш лойиҳасини ўз вақтида якунлаш учун узлуксиз ишламоқда», — дея қўшимча қилди Неъматий.

Эрон-Афғонистон чегарасининг узунлиги 900 км дан ошади. Эрон дунёдаги энг кўп афғон қочқинлари яшайдиган давлатлардан биридир. Афғонистонлик муҳожирлар оқими 2021 йил августида Толибон Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери кўпайди. Теҳрон афғон қочқинлари сони бўйича расмий рақамларни ошкор этмайди, бироқ депутат Аболфазл Тўрабий мамлакатда улардан «олти-етти миллион» борлигини тахмин қилмоқда.

Киритилди: Бугун 16:07. Ўқилди: 284 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!