Шу билан бирга, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳ Саудия Арабистонига ҳужумларни ҳам кучайтирди. Шанба куни хусийлар мамлакат жанубидаги ҳарбий базага ракета ва дронлар орқали зарба берди. Саудия расмийлари маълум қилишича, ракеталардан бири чегара ҳудудига тушиб, икки кишини жароҳатлаган.
Хусийлар, шунингдек, Саудия Арабистонига блокада эълон қилиб, унинг нефть ташувчи танкерлари ва нефть объектларига ҳужум қилмоқда.
Бундан ташқари, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган гуруҳларнинг зарбалари Саудиянинг «Шарқ — Ғарб» нефть қувури фаолияти тўхташига олиб келди. Бу Эрон томонидан Ҳурмуз бўғози блокланганидан кейин нефть ташиш учун энг муҳим муқобил йўналишлардан бири эди.
Натижада бир вақтнинг ўзида нефть етказиб беришнинг бир нечта муҳим йўналишлари хавф остида қолди.
Вазиятнинг кескинлашиши ортидан жаҳон нефть таъминоти бўйича хавотирлар кучаймоқда. Brent нефтининг бир баррели нархи қисқа вақт ичида 110 доллардан ошди.
Июль ойидан бери Ямандаги янги тўқнашувлар туфайли камида 76 минг киши ўз уйларини тарк этган, уларнинг 70 мингдан ортиғи фақат сентябрь ойи бошидан буён кўчишга мажбур бўлган.