“Дунёда исбот талаб қилмайдиган бир ҳақиқат бор: ҳар қандай мамлакат тараққиёти соғлом ва билимли авлодга боғлиқ.
Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида соғлом, билимли, теран фикрли, ватанпарвар ёшларни тарбиялаш учун барча шароитларни яратишимиз шарт ва зарур”,
- деди давлатимиз раҳбари.
Охирги 7 йилда мактабгача ва мактаб таълими учун маблағ 7 карра оширилгани, жорий йилда бунга 60 триллион сўм йўналтирилаётгани таъкидланди.
Мактабларда 1 миллионга яқин, боғчаларда 1,5 миллион янги ўринлар яратилди. Боғча билан қамров 3 карра ошиб, 78 фоизга етди.
Малака, тил билиш, янги баҳолаш тизими, фан олимпиадалари каби мезонлар асосида ўқитувчиларга 10 дан ортиқ устама жорий қилинди. Бундан самарали фойдаланган 60 минг ўқитувчи ҳозирда 8-12 миллион сўм маош олаяпти.
Боғча тарбиячилари ойлиги 65 фоизга ошиб, мактаб ўқитувчилари маошига тенглашди. Янги ўқув йилидан мактаб директорлари, ўринбосарлари ва боғча мудираларининг иш ҳақи 7-10 миллион сўмдан ошади.