АҚШ президенти Дональд Трамп Fox News телеканали бошловчиси Шон Хэннитига берган интервьюсида яқин орада Мексикада ҳам қандайдир операция ўтказиши мумкинлигини ишора қилди. Бунга сабаб (ёки айрим талқинларга кўра баҳона) — наркотикларга қарши кураш:
«Биз картелларга қарши курашда зарба берамиз. Картеллар Мексикани бошқаряпти. Бу мамлакат билан нима бўлганини кўриш жуда-жуда ачинарли. Аммо картеллар вазиятни назорат қилаяпти ва улар ҳар йили бизнинг мамлакатимизда 250 мингдан 300 минггача одамни ўлдиряпти. Наркотиклар — бу даҳшат. Улар оилаларни вайрон қилди. Биласизми, фарзандингни ёки ота-онангни йўқотасан. Назаримда, ота-оналар ҳам наркотиклар сабаб ҳалок бўляпти».
Шу билан бирга, Трамп наркотикларга қарши курашдаги ютуқларини ҳам мақтади:
«Биз мамлакатга денгиз орқали кириб келаётган наркотикларнинг 97 фоизини йўқ қилдик. Энди эса картелларга қарши қуруқликда ҳам зарба беришни бошлаймиз. Биз ҳақиқатан ҳам ажойиб иш қилдик. Бу рақамларни камайтираяпмиз. Ҳатто гап бир киши ҳақида кетганда ҳам бу рақамлар доим жуда юқори бўлиб қолади. Лекин улар камаймоқда — худди чегарадаги вазият каби».
Трамп Мексика билан чегара масаласига ҳам тўхталди:
«Чегара йиллар давомида мутлақо тартибсиз ҳолатда эди. Мен биринчи марта (яъни биринчи президентлик муддатимда — таҳр.) жуда тез тартиб ўрнатганман, бу сафар эса янада яхшироқ қилдим, чунки бетартиблик янада кучлироқ эди. Бу, эҳтимол, жаҳон тарихида ҳеч қачон бўлмаган даражадаги чегара эди. Аслида истаган ҳар ким бемалол сенинг мамлакатингга кириб кела оладиган чегара мавжуд эди».
Эндиликда эса чегара «амалда тўлиқ ёпиқ», дея таъкидлайди Трамп:
«Ёпиқ. Кириб бўлмайди. Ҳеч ким кирмаяпти. Ҳатто уриниб ҳам кўрмаяпти».
Fox News бошловчиси эса Мексикага эҳтимолий ҳужум халқаро ҳуқуққа мос келадими-йўқми, деган саволни бермади.