Бугун 26 февраль, 2024 йил, душанба

O'ZB

Энди “ГАИ”ни фото ва видеога олиш мумкин…ми?

Энди “ГАИ”ни фото ва видеога олиш мумкин…ми?

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини “обрўсизлантириш мақсадида” иш фаолиятига оид фото ва видео тасвирларни интернетда эълон қилганлик учун жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи қонун қабул қилинганди.

Ушбу қонун ташаббускори сифатида Ички ишлар вазирлиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги 195-2-моддани киритишни таклиф қилганди. Унга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажариши вақтида олинган сурат ва видеоларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетда жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкинлиги кўрсатилганди.

Биламизки, амалдаги қонунчиликка асосан ички ишлар ходимларининг хизмат бурчларини бажаришга қаршилик кўрсатиш жавобгарликка сабаб бўлади, эндиликда бу моддага уларни обрўсизлантириш ҳаракатлари ҳам қўшилмоқда. Хўш, "обрўсизлантириш" нима дегани ?

Ялпи мажлисда мазкур норма аксарият депутатларнинг баҳс-мунозарасига сабаб бўлди. Депутатларнинг ҳақли эътирози ва хулосасига кўра, ушбу норма шу ҳолатда қабул қилинса, “обрўсизлантириш” сўзи амалиётда турлича талқинларни келтириб чиқариши мумкин. Шундан сўнг масъул қўмита таклифига асосан, модда таҳрир қилиниб, "обрўсизлантириш" тушунчаси очиб берилди.

Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини улар ўз хизмат бурчларини, яъни жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни жаҳон Интернет ахборот тармоғида жойлаштириш тақиқланишини назарда тутувчи норма шакллантирилди.

Яъни, фуқарога ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимларини фото ёки видеога тушириши тақиқланаётгани йўқ, балки ушбу фото ёки видеони бузиб кўрсатиш, ёлғон аралаштириш, “ишлов бериш” орқали интернетда намойиш қилиш жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Кўп фикрлилик ҳар қандай демократик жамиятга хос ҳамда тараққиётга хизмат қилувчи муҳим асос ҳисобланади. Ҳар қандай янгилик, ўзгаришлар кўп миллионли аҳоли томонидан турлича тушунилиши, қабул қилиниши табиий ҳол. Айни пайтда Қонунчилик палатасида кўпчилик овоз билан қабул қилинган қонуннинг юқоридаги нормаси айрим амалдаги ва собиқ депутатларнинг турлича фикрларига сабаб бўлганини ҳам нормал қабул қилиш керак.

Хусусан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раҳбари, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов, собиқ депутат Акмал Бурҳонов (ҳозирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида фото ва видео тасвирларни Интернетга жойлаштирганлик учун жарима ёки 15 сутка маъмурий қамоқ билан жазоланишга оид норма бугунги очиқлик сиёсатига зид деган мазмундаги фикрни билдиришди.

Бу фикрларга жавобан Экопартиядан сайланган депутат Наврўзбек Юсупов ўз фикрини ижтимоий тармоқлар орқали баён этди.

Депутат ўз постида “Kun.uz” ахборот сайтига Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов берган интервьюсини ўқиб кўрганини, шу муносабат билан унда савол туғилганини маълум қилган.

А. Бурхонов ўзи ҳуқуқшунос бўлса керак. Қонунчилик палатасида депутат бўлганини биламан. Лекин у айтаётган модда, яъни МЖтК 195²-моддасига киритилаётган меъёр умуман бошқа нарсаку. Биринчи марта ўқиган одам, албатта тушуниш мумкин, яъни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото ва видео тасвирга олиш мумкин эмас деган маъно бўлиши мумкин. Лекин ҳар қандай онгли одам, агар 195²-моддани яхшилаб “ўқиса” ва “уқса” у ерда умуман бошқа маъно борлигини билади-ку.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ хизмат вазифаларини бажариши чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни “обрўсизлантириш” мақсадида, яъни ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни Интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш учун жавобгарлик белгиланаётгани айтилмоқда. Бу жуда тўғри деб биламан. Мамлакатда тартиб бўлиши керак.

А. Бурхонов яхшилаб тушуниб олсин, чой ичиб ўтирган милиция ходимини интернетга чиқариб юборса умуман жавобгарлик йўқ. Одамларни чалғитмаслик керак” -, Наврўзбек Юсупов.

“Миллий тикланиш” партияси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов айнан шу жиҳатга эътибор қаратиб, депутатларни қонун ижодкорлигида фаол қатнашишга чақирди.

Кўпчилик юртдошларимизнинг ҳайрон бўлаётганлари бежиз эмас. Депутатларимиз “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 195²-моддасидаги нормани иккинчи ўқишда ўзгартиришди. Ва буни ўзлари ижтимоий тармоқда эълон ҳам қилдилар.

Матнни ҳам бир депутат ўқиб берди. Аммо ҳали бу на матбуотда, на ижтимоий тармоқда эълон қилинмади. Лекин кўпчилик буни ўзича шарҳлаб, очиқлик сиёсатига зид деган фикрга боряпти. Назаримда, бу матн олдин эълон қилиниши керак, шундагина унинг мазмун-моҳияти тушунарли бўлади. Бу “Юксалиш” етакчиси Бобур Бекмуродовга бевосита тегишли гап. Агар Сиз мажлисда қатнашганингизда эди нима, бирон нима ўзгарармиди... Шу кунгача Сизни парламент минбарида депутат сифатида камдан-кам кўрганимизни айтиб, бирон нарсани ўзгартиришга оид жиддий таклиф билдирганингизни ҳам сайловчилар эслолмасликларини айтмоқчиман...”, — дея жавоб ёзди М.Абдураҳмонов.

Киритилди: 17:59 04.12.2023. Ўқилди: 2808 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!