Осиё Чемпионлар лигаси Элит турнирининг 2-тури доирасида Тошкентнинг "Пахтакор" клуби Саудия Арабистонининг "Ал-Қодисия" жамоасини қабул қилди.
"Пахтакор" марказий стадионида бўлиб ўтган учрашув 1:1 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Баҳснинг дастлабки бўлимида меҳмонлар ҳисобда олдинга чиқиб олди. 35-дақиқада Кристофер Бонсу Баанинг узатмасидан кейин Тижани Рейндерс тўпни дарвозага йўллаб, "Ал-Қодисия"ни олдинга олиб чиқди.
Биринчи бўлим якунида "Пахтакор" ҳисобни тенглаштиришга яқин келди. 45-дақиқада Стефан Чинеду рақиб дарвозасини ишғол қилди, бироқ офсайд сабаб гол инобатга олинмади.
Иккинчи бўлимда мезбонлар мувозанатни тиклаш учун ҳужумкор ҳаракат қилди. 77-дақиқада бош мураббий Камолиддин Тожиев бирданига учта ўзгаришга қўл урди. Башар Расан, Стефан Чинеду ва Фламарион ўрнига Достонбек Ҳамдамов, Айман Ҳусайн ҳамда Ойбек Бозоров майдонга туширилди.
Мазкур ўзгаришлардан бири учрашув якунида ўз самарасини берди. 89-дақиқада Достонбек Ҳамдамов пенальтини аниқ амалга ошириб, ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Қолган дақиқаларда ҳисоб ўзгармади ва жамоалар бир очкодан қўлга киритди.
Шу тариқа, "Пахтакор" Элит ОЧЛдаги иккинчи ўйинида ҳам дуранг қайд этди. Тошкентликлар икки турдан кейин 2 очко билан Ғарб минтақаси турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаб турибди.
"Ал-Қодисия" эса 4 очко жамғариб, вақтинча пешқадамликка кўтарилди.
Элит ОЧЛ. Ғарб минтақаси, 2-тур
"Пахтакор" (Ўзбекистон) — "Ал-Қодисия" (Саудия Арабистони) — 1:1
Голлар: Тижани Рейндерс (35), Достонбек Ҳамдамов (89, пенальти).
"Пахтакор": Владимир Назаров, Ҳожиакбар Алижонов, Заид Таҳсин, Муртазо Пуралиганжи (Сардор Собирхўжаев, 82), Муҳаммадрасул Абдумажидов, Шерзод Насруллаев, Акмал Мозговой (Иброҳим Иброҳимов, 90+3), Башар Расан (Достонбек Ҳамдамов, 77), Абдурауф Бўриев, Фламарион (Ойбек Бозоров, 77), Стефан Чинеду (Айман Ҳусайн, 77).
"Ал-Қодисия": Коэн Кастелс, Жиҳад Тири, Гастон, Али Бадра Диабате (Ёсир Аш-Шаҳроний, 69), Юлиан Вайгль, Натан Акоста, Мусаб Ал-Жувайр (Муҳаммад Ал-Қаҳтоний, 69), Тижани Рейндерс, Кристофер Бонсу Баа (Сулаймон Сани, 81), Матео Ретеги (Абдуллоҳ Ас-Салим, 90), Хулиан Киньонес.