Ўзбекистон терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов FIFA Series доирасида Габон миллий жамоасига қарши ўйиндан кейинги фикрларини билдирди.
- Ўйинни яхши бошладик, дея олмаймиз. Билмадим нима сабаб, биринчи бўлимда рақиблар кўпроқ вазият яратди. Иккинчи бўлимда ўйинда анча ўзгаришлар бўлди. Бугун омадимиз келди, десак ҳам бўлади. Чунки рақиблар ҳам яхши вазиятларга эга бўлишди. Муҳими - ғалаба қозондик.
- Захирадан майдонга тушган футболчилар ўйинни қанчалик ўзгартира олишди?
- Энди бу саволни мураббийга бериш керак деб ўйлайман.
- Биринчи бўлимда жамоанинг ўйини чиқмади. Иккинчи бўлимда эса барчаси ўзгарди. Фабио Каннаваро кийим алмаштириш хонасида нималар деди?
- Илк навбатда таъкидлаш керакки, футболчилар анча вақтдан бери бирга ўйнашмаганди. Мураббий бир қанча таклифлар киритди. Қаердадир қаттиқ гапирди. Шу сабабли ўйинимизда ўзгаришлар бўлди.
- Жамоада индивидуал ҳаракатлар кўпайиб кетмадими? Чунки Остон Ўруновдан бир неча марта норози бўлдингиз.
- Норози бўлганим йўқ. Остоннинг кучли томони - индивидуал ҳаракатлари. У буни кўрсатишга ҳаракат қиляпти. Менимча бу нормал ҳолат.