Владимир Путин 21 ноябр, пайшанба кунги видеомурожаатида Украинанинг Днепр шаҳрига ўрта масофали янги ракета «Орешник»да зарба берилгани ҳақида баёнот берди. Мурожаат 7 дақиқаю 45 сония давом этди. BILD нашрининг очиқ маълумотлар бўйича эксперти Юлиан Рёпке кузатишича, шунча вақт давомида Путин бирон марта қўлини ёки бармоқларини қимирлатмади — улар худди столга қотириб қўйилгандек эди.
Таъкидланишича, илгари Путин гапираётганида тез-тез қўли билан ишоралар қиларди. Немис мутахассиси пайшанба кунги мурожаат видеоси монтаж қилинган, ҳаракатсиз қўллар танага «чизиб қўйилган» деган тахминни илгари сурмоқда. Путиннинг касаллиги ёки ҳаяжонини яшириш учун шундай қилинган бўлиши мумкин. Кейинроқ, мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда Путин қўллари билан қоғозларни варақлагани ва камроқ ишоралар қилганини кўриш мумкин.
«Бу кадрлар Путин бутун дунёга таҳдид қилаётгани, аммо ўз қўлларини бирон марта қимирлата олмаслигини кўрсатмоқда», — дея хулоса қилди Рёпке.