Президентнинг тегишли фармони билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилди.
Собиқ вазирликнинг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси қуйидаги умуммиллий лойиҳаларни амалга ошириш учун масъул этиб белгиланди:
- чиқиндиларни қайта ишлаш ва улар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган «Чиқиндидан ҳоли ҳудуд» умуммиллий лойиҳаси;
- атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси;
- 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида қўшимча равишда жами майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил қилишга қаратилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси;
- аҳоли орасида эко-одатларни шакллантириш ва экологик ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган «Эко-маданият» умуммиллий лойиҳаси;
- биохилма-хилликни келажак авлод учун асрашга қаратилган «Био мерос» умуммиллий лойиҳаси.
Шунингдек, Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб қилган ҳолда экология соҳасидаги «Эколойиҳалар фабрикаси» ташкил этилади.