Бугун 19 сентябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Эгей жавоҳири

Эгей жавоҳири

Қадимги зайтун дарахтлари сояси остида юзини мовий сувларга қаратган Ассос Ида тоғи этагида жойлашган Эгей жавоҳиридир. Чаноққалъанинг Айважик туманида асрлар давомида кўплаб цивилизацияларга мезбонлик қилган Ассос беғубор табиати, мусаффо ҳавоси ва қадимий хазиналари билан Эгей денгизининг энг гўзал нуқталаридан биридир.

Эгей денгизининг салқин йўли

Ассос чексиз мовий сувларга шўнғиш мумкин бўлган кўплаб кўрфазлар ва пляжларга бойдир. Кадирга ва Сивриже каби бетакрор кўрфазлар, Сокакағзи каби тоза пляжлар ва кўплаб сўлим гўшалар, жумладан, Қадимги Порт ҳам бу тоза ландшафтнинг ўзига хос ва қўл тегмаган гўзалликларидандир. Бошқа томондан, Кадирга кўрфази узун, кенг қирғоқ чизиғи ва Мовий байроқ мақоми билан ажралиб туради. Ассос қирғоқлари асосан катта тошлардан иборат бўлса-да, одамлар кўпинча ёғоч устунлар орқали денгизга сакрашади. Айтиш жоизки, Ассоснинг географик жойлашуви туфайли денгизи бироз кечроқ исийди ва сувлари Ўрта ер денгизига қараганда совуқроқ. Ассоснинг яна бир хусусияти унинг турли хил турар жой имкониятларидир.

Ассоснинг улуғвор қадимий шаҳри

Ассоснинг гўзал қирғоқ чизиғининг энг мафтункор жиҳати бу - Эгей денгизининг жозибали манзараларини тақдим этувчи ва ҳаракатсиз вулқон тепалигида қурилган қадимги Ассос шаҳридир. Шаҳар тарихи милоддан аввалги VI асрга бориб тақалади. Бугунги кунгача сақланиб қолган муҳташам деворлари ва археологик қазишмаларда топилган ғайриоддий иншоотлари билан мафтун айлаган қадимий шаҳар 2017 йилнинг май ойида ЮНEСКОнинг Жаҳон маданий мероси вақтинчалик рўйхатига киритилган эди. Унинг машҳур инсонлари орасида бу ерда фалсафа мактабига асос солган файласуф Аристотел ҳам бор. Афина ибодатхонаси қадимий шаҳарнинг кўриш керак бўлган хазиналаридан бири сифатида ажралиб туради. Ассос акрополида жойлашган Афина ибодатхонаси шаҳар ҳимоячиси сифатида танилган маъбуда Афинага бағишланган. Устунлари ва ажойиб денгиз манзараси билан кўзни қамаштирувчи бино Онадўлидаги ягона Архаик-Дор ибодатхонаси намунаси бўлгани учун архитектура жиҳатидан ҳам аҳамиятлидир. Шаҳарнинг энг баланд нуқтасида жойлашган бу ибодатхонани зиёрат қилиш, айниқса, қуёш ботганда, ҳақиқатан ҳам унутилмас тажриба. Қуёш ботишини томоша қилгандан сўнг, Агора, Гимназия ва очиқ театр каби шаҳарнинг бошқа қисмларини кашф қилиш мумкин.

Беҳрамкале

Беҳрамкале қишлоғи қадимий шаҳар деворлари ичида жойлашган кичик аҳоли пунктидир. Қишлоқнинг тор кўчаларида сайр қилиш давомида тош меъморчилик ва ҳунармандчиликнинг ажойиб намунаси бўлган тарихий уйларга дуч келинади. Бундан ташқари, қишлоқ аёллари ушбу кўчаларда ўзлари ташкил этган савдо расталари ёки кичик дўконларида эсдалик совғалари ва қўлда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини сотади. Бу ерда турли хил ўтлар ва зайтун мойидан тайёрланган уй таоми “тарҳана” шўрва, нордон қатиқ, сабзавот, кўкатлар, хушбўй зираворлар ва қўлда ишланган нақшли безаклар каби кўплаб маҳаллий ва табиий маҳсулотларни топиш мумкин.

Қишлоқда Усмонлилар давридан қолган масжид ва кўприк ҳам бор. ХIV асрда квадрат шаклидаги ва ягона гумбазли қурилган Худавендигар масжиди меҳробидаги мураккаб геометрик нақшлар билан эътиборни тортади. Беҳрамкале яқинидаги Тузла оқар суви устидаги Худавендигар кўприги меъморий жиҳатдан ўзининг пухта ўйланган арклари билан диққатга сазовордир. Автомобиллар ҳаракати учун ёпиқ бўлган 600 йиллик нафис кўприкдан ўтиш мумкин. Ассос, шунингдек, уни ўраб турган гўзал маҳаллий қишлоқлар туфайли ўрганишга арзийдиган жой. Ассосдан атиги ярим соатлик масофада жойлашган Ешилюрт ва Адатепенинг тарихий, мафтункор ва хушманзара қишлоқлари минтақа учун кўриш керак бўлган жойлар рўйхатида бўлиши керак. Адатепе қишлоғида Адатепе зайтун мойи музейи жойлашган. Туркиянинг биринчи зайтун мойи музейи бўлган ушбу мажмуа зайтун мойи ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини кузатиш имконини беради.

Таъми оғизда қоладиган лаззатлар

Тарихий ва табиий гўзалликлари билан машҳур бўлган Ассос, шунингдек, ажойиб гастрономик маскан бўлиб, мазали минтақавий лаззатлари билан ажралиб туради. Бу ерда қовоқ гули дўлмасидан денгиз ловияларигача Эгей ошхонасининг барча лаззатларини топиш мумкин. Портдаги ресторан ва таверналарда саккизоёқли салат, балиқ кабоб, қўрада пишган олабалиқ, чаён шўрва, қўрада пишган каламар ва сабзавотлар каби Ассоснинг ўзига хос таомларининг таъми оғизда қолишига шак шубҳа йўқ. Тепаликлари зайтун дарахтлари билан қопланган Ассос Туркиянинг машҳур зайтун мойи учун тўхташ “бекат”ларидан биридир. Сабзавот, ўтлар ва зайтун мойидан тайёрланган газакларни татиб кўриш ва ажойиб зайтун мойларини харид қилиш мумкин. Ассосда кун давомида минтақанинг машҳур тут сиропи билан салқинлашни унутманг!

Киритилди: 23:35 16.09.2024. Ўқилди: 639 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!