YouTube блогери Жимми Доналдсон, интернетда MrBeast номи билан танилган, Марказий Осиёга биринчи сафари доирасида 9 октябрь куни Тошкентга ташриф буюради. Бу ҳақда ташриф ташкилотчиси Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар қилди.
MrBeast катта бюджетлар, мураккаб саҳналаштиришлар ва йирик соврин жамғармаларига асосланган масштабли видеолойиҳалари билан машҳур.
Тошкентда MrBeast билан мухлислар учрашиши мумкин. Улар рўйхатдан ўтган иштирокчилар орасидан тасодифий рақамлар генератори орқали танлаб олинади.
Учрашув интерактив ўйинлар форматида, жумладан, кам танилган фактларни билишга қаратилган тривия-викторина шаклида ўтказилади. Ғолибларга қимматбаҳо совринлар топширилади.
MrBeast ташрифи Ўзбекистондаги ёшлар орасида YouTube ҳамжамиятини ривожлантиришга туртки бериши, маҳаллий контент яратувчиларнинг жаҳон медиа маконига интеграциялашувига кўмаклашиши кутилмоқда.
MrBeast’нинг Ўзбекистонга ташрифи Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси амалга ошираётган давлат дастури доирасида ташкил этилмоқда. Дастур креатив иқтисодиёт улушини ошириш, ёшлар ташаббусларини ривожлантириш, рақамли индустрияларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро медиа технологияларни минтақага трансфер қилишга қаратилган.
Жамғарма MrBeast ташрифи бўйича расмий ахборот манбаи ва оммавий рўйхатдан ўтишнинг ягона ташкилотчиси ҳисобланади. Расмий рўйхатдан ўтиш ҳаволаси фақат жамғарманинг веб-сайти ва тасдиқланган ижтимоий тармоқлардаги каналларида, шунингдек, савол-жавоблар бўлими билан бирга эълон қилинади.
Учрашувда иштирок этишни истаганлар бошқа манбалардаги ҳаволалар, совринли ўйинлар ёки MrBeast ва унинг вакиллари сифатида тақдим этаётган аккаунтларнинг таклифларига ишонмаслиги керак.
Янгиланишлар жамғарманинг расмий Telegram, Instagram, Facebook ва YouTube каналлари ҳамда расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.
Рўйхатдан ўтиш қоидаларига кўра, иштирокчи 18 ёшдан катта бўлиши керак. Ҳар бир киши фақат бир марта, ўз номи билан, амал қилувчи телефон рақами ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат маълумотлари асосида рўйхатдан ўтиши мумкин.