Президентнинг тегишли фармонига кўра, Ўзбекистонда 2027/2028 ўқув йили якунларидан бошлаб дуал таълим шакли бўйича ОТМ ва буюртмачи корхоналарнинг самарадорлик рейтинги юритилади.
Рейтингда дуал таълим билан қамраб олинган талабалар улуши, уларнинг ўртача иш ҳақи ва ўртача ўзлаштириш кўрсаткичига устуворлик берилади.
Энг юқори натижа кўрсатган учтадан олий таълим ташкилоти ва корхона рейтингдаги ўрнига қараб рағбатлантирилади. Биринчи ўрин учун 3 млрд, иккинчи ўрин учун 2 млрд ва учинчи ўрин учун 1 млрд сўм берилади.
2027 йил 1 январдан муҳандислик, ишлаб чиқариш ва ишлов бериш, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги таълим соҳаларида дуал таълим олаётган ҳар бир талаба учун корхона томонидан тўланган иш ҳақи харажатларининг 50 фоизи ўқув йили якунида субсидия сифатида қопланади.
Шунингдек, дуал таълимга қабул қилинган талабалар сонига мутаносиб равишда корхоналарга «Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги» платформасида қўшимча баллар берилади.
Корхоналар томонидан ОТМ ҳудудида дуал таълим учун амалиёт базасини ташкил этиш мақсадида олиб келинадиган жиҳозлар, ускуналар ва лаборатория жиҳозларига нисбатан божхона божи ставкаси 2030 йил 1 январга қадар 1 фоиз этиб белгиланади.
Дуал таълим дастури бўйича амалий машғулотлар учун корхоналар харид қилган ўқув ускуналари ва жиҳозларига уч йил муддатга тезлаштирилган амортизация қўллаш ҳуқуқи берилади.
Дуал таълимни самарали ташкил этган ОТМ ва корхоналарни аниқлаш учун танлов ўтказиш ҳам назарда тутилган. Унда талабалар қамрови, уларга тўланадиган иш ҳақи, ўзлаштириш даражаси ва битирувчиларнинг бандлиги асосий мезонлар сифатида баҳоланади.