Ўзбекистонда ёшлар орасида “дорихона наркоманияси” тобора оммалашиб бормоқда. Республика бош наркологи Зарифжон Ашуровнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда 5 мингга яқин одам наркологик беморлар диспансерида ҳисобда турибди, улардан бири эса 10 ёшли бола.
Ашуровнинг таъкидлашича, ёшлар орасида гиёҳвандликка кўп ҳолларда психологик муаммолар сабаб бўлмоқда.
Уларнинг аксарияти “яқинларим мени эшитмайди”, “фикрим билан ҳеч кимнинг иши йўқ” каби сабабларни келтиради.
Бу муаммо, айниқса, синтетик наркотиклар ва дорихона наркоманиясининг кенг тарқалиши билан боғлиқ.
2019 йилда кучли таъсир этувчи дориларни фақат рецепт асосида сотиш тартиби жорий этилган бўлса-да, ноқонуний савдо ҳолатлари давом этмоқда. Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотиклар истеъмолининг кўпайганини таъкидлаётган мутахассислар, бу ҳолатни инкор қилиб бўлмаслигини айтишмоқда .