Бугун 27 ноябрь, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Дилбар Икромова қандай ҳаёт кечирган эди?

Дилбар Икромова қандай ҳаёт кечирган эди?

Мухлисларига гоҳ Нигора, гоҳ Сотти (“Келинлар қўзғолони”) бўлиб завқ улашган ва ё Момо (“Чимилдиқ”) тимсолида ҳаётий сабоқ берган, бир қарасак, мунису мушфиқ, аммо бардоши тоғдек залворли она (“Ўзбекча рақс”, “Қирмизи олма”) сиймосида томошабинни ҳайратга солган Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Икромова бугун оламдан ўтди.

Дилбар Икромованинг саҳнада шўх-шаддод, “ўзини хафа қилдириб қўймайдиган”, бироқ аслида эса ўта камтар, содда ва самимий инсон бўлганлигини кўпчилик билмаса керак.

Дилбар Икромованинг отаси Илҳомбек Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, онаси Жамилахон уй бекаси бўлган. Оиласида саккиз фарзанд бўлиб, Дилбар Икромова икки ўғил, олти қизнинг учинчиси бўлган.

– Ёшлигимда тортинчоқ, бир четда жимгина ўтирадиган қизалоқ эдим, – деган эди актриса биз билан суҳбатда. – Онам сендан актриса чиқмайди, қўй, бу орзуинг­ни, деган. Отам эса мени қўллаш билан бирга монолог ўқиб, турли асарлардан парча айтиб, биз фарзандларини ҳайратга соларди. (Қўшимча, Дилбар Икромова яна бир интервьюда айтган эди: Отамга онам институтга рухсат бермаганини айтгандимда, “Ҳеч кимга индамай”, ҳужжатларингни топшириб келавер, дея мени руҳан қўллаб-қувватлаган. Имтиҳонда ҳайъат-аъзоларининг биринчи саволи эса: “Сиз мактабни битирганмисиз? 5-6 синф ўқувчисига ўхшар экансиз”, деб кулишганди. Кейин “Қайси асардан парча ўқиб берасиз?”, дейишганида “Бой ила хизматчи”даги Сифат бувини”, десам яна кулги кўтарилган. Маҳоратли ижро этиб, имтиҳондан муваффақиятли ўтганман). Ўқишни битириб, театрда ишлай бошлаганимни эшитган қўни-қўшни, таниш-билиш аввалига ишонмаган. “Йўғ-е, бор-йўқлиги билинмайдиган қиздан қандай артист чиқади?”, – дейишган.Дилбар Икромова қандай ҳаёт кечирган эди?

– Ўзим ҳам бирор ролни қойил қилдим, деёлмайман-у, аммо яратган образларингиз орасида қайси бири ўзингизга кўпроқ маъқул, деган саволга доим “Ўзбекча рақс”даги Она, дейман. Ўзбекистон халқ артисти Турғун Азизов саҳналаштирган ушбу асар сценарийсини ўқиганимдаёқ шу образга боғланиб қолдим. Устозимиз Турғун ака “Дилбар, бу ролда сендан бошқани тасаввур қилолмадим”, дея ишонч билдиргани менга қўшимча куч бағишлади. Бир олам орзу-умид билан яшаётган она ёлғиз ўғли рус қизни уйга етаклаб келгач, ҳар қанча оғир бўлмасин, ажнабий келинни қабул қилади ва кўп қийинчиликлардан сўнг уни ҳақиқий ўзбек аёлига айлантиришга эришади. Оддий ўзбек онасининг оилага, фарзандга, миллатга садоқати тараннум этилган ушбу саҳна асари кўпчиликка маъқул бўлаётганидан мамнунман. Ҳамкасбларим ҳам саҳнада ролингизни эмас, ўзингизни кўргандай бўлдим, дейишганда, кўнглим кўтарилади. “Чимилдиқ”даги момо образини ҳам кўпчилик эътироф этади. Ҳақиқатан, аёлларимизни анча ўзгартириб юборган бугунги кун учун ана шундай нуктадон, зукко момолар жуда зарур. Ҳозирги ёшларга, келину қизларга қулоғига олса-олмаса, асардаги бир гапни айтгим келади: шундай яшангки, етти пуштингизда нобоп фарзанд чиқмасин… Касбимнинг шу жиҳатини яхши кўраманки, ҳаётимизда учрайдиган ҳар хил ҳолатлар, дилхираликларни икки соатлик спектакль давомида унутаман. Бошқа дунёга олиб кетадиган саҳнада ҳаётим тугамасайди, шу тарзда давом этаверсайди, дейман…

Айрим актёрлар ўзини ё театрга, ё кинога хос, деб ҳисоблайди ва шунга яраша рол танлайди. Дилбар Икромова эса аксинча, қайси ролга муносиб кўришмасин, режиссёр ишончини оқлашга уринган, эпизодик ролни ҳам томошабиннинг ёдидан чиқмайдиган тарзда қиёмига етказган. “Драма жанрида ўйнасам, комедияни соғиниб қоламан ёки комедия билан кўпроқ машғул бўлиб қолсам, жиддийроқ образларни қўмсайман, – деган эди Дилбар Икромова. – Иккаласи аралашган асар бўлса, саҳнада янаям мазза қилиб “яшайман”.

Дилбар опа ўз волидасининг оилага, фарзанд­ларга нисбатан садоқатини доимо тўлиб-тошиб гапирар эди:

– Отам инсульт бўлиб, ўн беш йил ётган. Муштипар онагинам­нинг шунча вақт бирор марта бўлсин, “вой” деганини эшитмадик. Аввалги оналар соддароқ бўлган экан, шекилли-да…

– Онам доим “Ўзбекистон халқ артисти» унвонини олганингни кўрсам, армоним йўқ эди. Кейин ўлсам ҳам майли эди” дерди. Айтганидек, унвон олганимдан бир ой ўтиб, 84 ёшида вафот этди. Отам эса 74 ёшида оламдан ўтган. Ёруғ кунларни кўришолмади, деб ўкинаман

Севимли ёзувчимиз Саид Аҳмад Дилбар опага: “Фармонбибининг айрим хислатларини сенинг ойингдан олганман”, деган экан. Ҳақиқатан, Фармонбиби ўнта бўлса, ўрни бошқа деб, нафақат фарзандларининг ҳар бирига, балки невара-ю эвараларгача ғамхўрлик қилишга куч топиб, бир олам меҳр улаша оладиган ўзбек оналарининг ёрқин тимсоли эди. Дилбар Икромованинг ҳам ёлғиз ўғлига чексиз бўлган муҳаббатини, набираларига бўлган улкан меҳрини сўзи, кўзлари “айтиб” турарди.

– Набирамга китоб совға қилишни одат қилганман, – деган эди опа севиниб суҳбатимиз давомида. – Бир гал ўйинчоқ олиб борсам, “Бувижон, ўзингиз айтгансиз-ку, энг яхши совға китоб, деб. Нега ўйинчоқ олиб келдингиз” деган. Жуда хурсанд бўлганман. Ҳақиқатан, китоб – билим, китоб – ҳаёт. Биз талабалик давримизда ҳам ўзбек, ҳам дунё адабиётини мунтазам ўқиб борардик. Ҳозирги айрим ёшлар чет эл адабиётининг нодир намуналарини эшитмаган ҳам. Мана, энди китобхонлик давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Худо хоҳласа, билимдон ёшларимиз кўпаяди…

Ўзи қаҳрамонларидек самимий, содда, аммо сўзининг юки залворли бўлган Дилбар Икромованинг охирати обод бўлсин.

Manba: fikrat.uz

Киритилди: 22:33 25.08.2020. Ўқилди: 22124 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!