Бугун 24 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Дайди итларнинг отиб кетилаётгани ростми?

A A A
Дайди итларнинг отиб кетилаётгани ростми?

Шу кунларда Тошкент шаҳрининг баъзи туманларида эгасиз, дайди итларни отиб кетилаётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалмоқда.

Ана шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармасига қарашли марказий авария диспетчерлик хизмати қошидаги дайди ҳайвонларни тутиш махсус бўлимига мурожаат қилдик.

– Итларни отиб кетилиши ҳақидаги барча гаплар ёлғон. Бу балки итини ҳовлида қолдирган ва қўшнисини мурожаати туфайли олиб кетилган ит эгасини ёлғон маълумоти бўлиши ҳам мумкин. Ваҳоланки, ҳозиргача ҳеч ким буни тасдиқлайдиган сурат ёки видеони кўрсатгани йўқ, – дейди мазкур бўлим раиси ўринбосари Шуҳрат Маҳаматжонов. – Биз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида иш юритамиз. Унда дайди итларни отиш ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Демак, биз фақатгина дайди итларни тутиш ва уларни Назарбекдаги питомникда ушлаб туриш билан шуғулланамиз.

Қайд этиш жоизки, аҳоли пунктларида ит ёки мушук парваришлашда ўзига хос санитария-гигиена қоидалари мавжуд бўлиб, унга ҳамма ҳам эътибор беравермайди. Ит ва мушукларнинг қўшнилар тинчини бузиши ёки айрим турар жойларда санитария қоидаларига риоя этмаган ҳолда қорамол, қўй-эчки ва бошқа ҳайвонларни сақлаш оқибатида санитария ҳолатининг ёмонлашуви ҳақида фуқаролардан шикоятлар тушади. Мисол учун, кеча яъни 22 ноябрь куни аҳолидан тўққизта мурожаат тушган ва йигирматадан ортиқ дайди ит ушлаб келинди.

Ушланган дайди ҳайвонларнинг ҳолати, соғлиғи ҳақида ветврачлар ҳар куни МЧСга маълумот бериб боради. Яна бир бор айтишим керакки, итларни отишга кафолатимиз йўқ. Агарда шундай ҳолат юз берса, бунга фақатгина Ички ишлар вазирлиги ва Овчилар жамиятининг ҳаққи бўлади. Унга ҳам Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори керак.

Бизга маълум қилишларича, ит ва мушукларни сақлаш, парваришлаш, ҳайвон эгалари ва давлат органи вакилларининг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд экан.

Ушбу қоидаларга кўра, уй эгалари ўз қарамоғидаги итларни ҳудудий ветеринария хизматидан рўйхатдан ўтказиши, ўз вақтида қутуришга қарши эмлатиши зарур. Шу билан бирга, кўп қаватли уйларда қўшнилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган ит ва битта мушук сақлаш имкониятига эга. Итларни махсус ажратилган жойларда, турар жой бинолари атрофига салбий таъсир кўрсатмасдан сайр қилдириши, аҳоли тинчлиги ва хавфсизлигига рахна солмаслиги керак.

ЎзА

Киритилди: 16:11 23.11.2018. Ўқилди: 3058 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар