Дания ҳукумати АҚШнинг янги маъмурияти билан Арктика ҳудудлари бўйича мулоқотга тайёрлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Дания ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ларс Лёкке Расмуссен маълум қилди.
"Америкаликлар Арктикадаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятдан маълум хавотирларга эга, бу билан Дания томони ҳам қўшилади", — деди у. "Шунинг учун Дания Гренландия билан яқин ҳамкорликда Америка томонининг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан музокараларни давом эттиришга тайёр", — дея қўшимча қилди Дания ТИВ раҳбари.
7 январь куни Дональд Трамп Гренландияни Хитой ва Россия таҳдидларидан ҳимоя қилиш учун АҚШ таркибига кириши кераклигини айтди. 2019 йилда, президент сифатидаги биринчи муддатида у Қўшма Штатлар Дания таркибидаги ҳудуд бўлган ва кенг автономия ҳуқуқларига эга бўлган Гренландияни сотиб олиши мумкинлигини айтди.