Бугун 25 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Даҳшат водийси: Мьянма

A A A
Даҳшат водийси: Мьянма

Мьянмадаги қувғин ва таъқиблардан қочган мусулмон роҳинжалар – 2017 йилда уларнинг тақдири кенг муҳокама қилинган бўлса-да, уларга бўлган эътибор аста-секин сўнди: бутун дунё бу кичик халқнинг ҳаёти ва ўлимига деярли бефарқ экани маълум бўлди. Бангладешдан қўним топган қочқинларнинг изтироблари эса тугагани йўқ. Улар ҳеч қандай шароити йўқ лагерларда омон қолишга ва бир йил аввал бошларига тушган даҳшатларни унутишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ бу ҳамманинг ҳам қўлидан келмаяпти.

Мьянмадан қочган роҳинжалар этник тозалаш, қотилликлар ва жинсий зўрлашлар ҳақида гапириб берди. Мьянма ҳукумати эса буларни ўйлаб топилган ва бўрттирилган гаплар деб атади: гўёки фақатгина маҳаллий хавфсизлик кучларига ҳужум қилган террорчиларга қарши кураш олиб борилган. Жинсий зўравонликлар оқибатида 2018 йилнинг баҳорида чақалоқлар туғилмаганида, бу айбловлар унутилиб кетиши мумкин эди. Бу гўдакларни яхши кўришмайди, уларнинг оналари эса шаъни булғанган аёллар ҳисобланди...

Роҳинжалар асосан Мьянманинг Ракхайн штатида яшовчи халқдир. Улар Ислом динига эътиқод қилади ва ўзларини минтақанинг туб аҳолиси деб ҳисоблайди. Мьянмалик буддавийларнинг фикрича, роҳинжалар Британия ҳукмронлиги пайтида Бангладешдан кўчиб келган.

Мьянманинг ҳозирги ҳукумати роҳинжаларни қўшни мамлакатларга сиқиб чиқаришга ёки ассимиляция қилишга уринмоқда. Ҳукумат роҳинжаларнинг маҳаллий аҳолини қўрқитувчи жангарилар эканига ва радикал қарашларни тарқатишига ишонади. Бунга далил сифатида мамлакатдаги бошқа мусулмон жамоаларнинг буддавийларнинг алоқалари яхши эканини айтади.

2017 йилнинг августида бир гуруҳ роҳинжа ўз халқининг тақдирига эътибор қаратиш мақсадида ҳукумат кучларига ҳужум қилди. Жавоб тариқасида қишлоқларда оммавий тозалаш бошланиб кетди ва пировардида 700 мингга яқин қиши Бангладешга қочиб ўтди.

Мьянма ҳарбийлари амалга оширган ваҳшийликлар орасида айбсиз аёллар ва қизларнинг жинсий зўрланиши ҳам бор. Журналистларнинг аниқлашича, ҳарбийлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб уйларга бостириб кирган, аёлларни дўппослаган ва навбати билан зўрлаган. Бу жиноят турли қишлоқларда, тизимли равишда амалга оширилган.

Зўрлашдан кейин ҳомиладор бўлиб қолганини айтиш роҳинжа аёллари учун ҳаётидаги бор нарсадан айрилиш деганидир. Роҳинжалар зўравон буддавийдан туғишни шармандалик белгиси деб ҳисоблайди. Бундан ташқари, чақалоқлар ўз оналарига бошларидан ўтказган даҳшатларни эслатиб туради. Шунинг учун аёллар ҳомиладорликни яширишга ёки ҳомиладан халос бўлишга уринган. Шу туфайли ҳам қанча аёл зўрланганини ва улардан қанчаси туққанини аниқлашнинг иложи йўқ.

“Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти вакилларининг билдиришича, аёллар шифокорларга мурожаат қилмайди, одатда ими-жимида туғади ва кўплари асоратлар оқибатида вафот этади. Баъзилар исталмаган болаларни кўнгиллиларга топширади, улар эса бошқа оилаларга.

2017 йилнинг августида М. уйда болалари билан ўтирганида ташқаридан ўқ овозлари ва бақир-чақирлар эшитилди. Унинг икки қизи қочишга улгурди, ўзини эса қўлида икки яшар ўғли билан аскарлар ушлаб олди. Аскарлардан бири йиғлаётган болани бўғиб ўлдирди, қолганлар аёлни уйга олиб кириб аввалига калтаклади, кейин зўрлади.

Эри уни икки кундан кейингина топа олди. Аёлни Бангладеш чегарасигача олиб борди. М. зўрланганини айта олмади, бироқ тўрт ойдан кейин яшириб бўлмай қолди: у ҳомиладор ва ўзини ёмон ҳис қилаётган эди.

М. бор ҳақиқатни эрига айтишига тўғри келди, бунга жавобан таъна эшитди, холос. Эри ажрашмоқчи бўлди, М. болаларга ёрдам бериши учун уни бирга қолишга кўндирди. Аммо эри уйга кам келади, ўзини худди хотини йўқдек тутади.

Чақалоқ туғилганида у М.га зўравонни эслатиб юборди. Чақалоқнинг йиғиси унинг ғазабини қўзғатди. Болага ҳатто исм ҳам қўймади. «Мен уни яхши кўрмайман», – дейди аёл, бироқ боланинг ҳеч қандай гуноҳи йўқлигини ва меҳр-шафқатга муҳтожлигини айтади. Болани бошқа оилага бермоқчи эмас, кун келиб унга ғамхўрлик кўрсатишига умид қилган ҳолда болани парвариш қилмоқда.

М. уззукун уйда ётиб, ўзига ўлим тилайди. «Ҳаётимнинг маъниси қолмади», – дейди у.

Аммо зўрланганлардан баъзиларини яқинлари қўллаб-қувватлади. Масалан, Т. эри у билан ажрашишига ишончи комил эди, шунинг учун бир ой ҳеч нарса дея олмади. Бор ҳақиқатни айтганида эса, эри унга қўшилиб йиғлади. «Бу сенинг айбинг эмас. Буни сен истамагансан», – деди у.

Т. лагерда унинг сингари аёлларни қидириб юрган шифокорни учратмагунча аборт қилдириши мумкинлигини билмаган эди...

Вақт ўтиши билан зўрланган аёллар бўлиб ўтган воқеа учун ўзларини айблашни бас қилиб, кечиришни бошлашмоқда. Улар уяладиган ҳеч нима қилмаганликларини англагач, бошларига тушган кулфатни бошқаларга ҳам сўзлаб беришади: улар зўравонликларга туртки берадиган ҳеч нарса қилишмаган, хўш, нега уялишлари керак?..

“Мен ортиқ яшириниб юришни хоҳламайман”, – дейди Х.

Боласини бошқа оилага берган 13 ёшли А. ҳам шундай фикрда. “Мен адолат хоҳлайман”, – дейди у.

Lenta.ru'дан қисқартириб таржима қилинди.

Manba: azon.uz

Киритилди: 00:32 24.07.2018. Ўқилди: 2836 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар