Чехия президенти Петр Павел Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича музокараларни истисно этмайди, чунки унинг баҳосига кўра, Россия урушни давом эттириш имконини берувчи ишчи кучи ва қурол-яроғ таъминотида устунликка эга.
"Музокаралар келаси йил бошланиши мумкин, чунки воқеалар Украина томони ҳарбий устунликка эга бўлишини кўрсатмаяпти. Вақт энди кучли ишчи кучини сафарбар қилиш базасига эга Россия фойдасига ишламоқда. Вақт ўтиши билан у анчадан бери етишмаётган моддий базани тўлдириши мумкин бўлади. Биз Шимолий Кореядан катта ҳажмдаги жиҳоз етказилаётганини, санкцияларни четлаб ўтишга уринишларни кўряпмиз", — дея таъкидлади Чехия президенти Дипломатия ва хавфсизлик анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, Россия можарони чўзишга уринаётгани кўриниб турибди. Шу билан бирга, Павел Ғарб Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиши кераклигига ишончи комил, деб ёзади “Украйинская правда”.
"Вазият умуман ижобий эмас. Украина учун ижобий томони шундаки, биз улар томонидамиз ва уларни мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлашимиз керак. Ўз навбатида, бизда қўллаб-қувватлашни давом эттиришдан бошқа иложимиз ҳам йўқ", — дея Чехия президентининг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.