Бугун 8 май, 2024 йил, чоршанба

O'ZB

Чет элда вакцина олганлар Ўзбекистонга келгач яна эмланадими?

Чет элда вакцина олганлар Ўзбекистонга келгач яна эмланадими?

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева хорижда COVID-19’га қарши эмланганлар Ўзбекистонга келгач, эмлаш жараёнига жалб қилиниш-қилинмаслигига ойдинлик киритди.

«Чет элда эмланиб, эмланганлик сертификатини олган фуқаролар Ўзбекистонда эмланиши шарт эмас. Бундай ҳолатларда тиббиёт муассасалари ходимларига мазкур сертификат тақдим этилади ва фуқаро эмланганлар рўйхатига киритилади», — деган у.

Севара Убайдуллаеванинг билдиришича, хорижда вакцина қабул қилган фуқаролар 2 ёки 3 босқичли эмлашдан тўлиқ ўтганидан сўнг эмланганлик сертификатини олади. Баъзи давлатларда сертификат ўрнига маълумотнома берилади. Бу маълумотномада эмлашнинг барча босқичидан тўлиқ ўтган ёки ўтмаганлик тўғрисида ёзувлар киритилган бўлади. Бу ҳужжат тиббиёт ходимлари томонидан ўрганиб чиқилгач, мазкур фуқарони эмлаш бўйича хулоса қилинади.

«Агар фуқаро чет элда ҳам мамлакатимизда қўлланилаётган вакцина билан эмланишни бошлаган бўлса, кейинги босқичларни юртимизда давом эттириши мумкин», — деб қайд этган Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан бошланди. Эмлаш дастлаб қариялар, соғлиқни сақлаш ходимлари, ОАВ вакилларида кўнгилли тарзда ўтказилади. 8 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши жами эмланганлар сони 83 076 нафарга етди. Тўлиқ эмлаш курсини тамомлаган фуқароларга QR-кодли сертификат берилади.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати эмлаш тадбирлари ҳақида интернет фойдаланувчиларининг кайфияти ва фикрларини билиш мақсадида ўтказилган (29—31 март) онлайн-сўров натижаларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг кўпчилиги коронавирусга қарши эмланишни истамаётгани маълум бўлганди.

Киритилди: 09:10 10.04.2021. Ўқилди: 2481 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!